
Президент Параосиё ўйинлари ғолибларига табрик йўллади
Шавкат Мирзиёев Дубайдаги Ёшлар Параосиё ўйинларида қўлга киритилган тарихий ғалаба билан Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларини табриклади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ёшлар ўртасидаги V Параосиё ўйинлари ғолиблари — Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларини тарихий ютуқ билан табриклади. Давлат раҳбари табригида бу зафар нафақат спортчиларнинг шахсий муваффақияти, балки бутун мамлакат учун катта ифтихор эканини таъкидлади.
Қайд этилишича, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган мусобақаларда Осиёнинг 35 давлатидан 1,5 мингдан зиёд спортчи иштирок этган. Ўта кескин баҳсларда Ўзбекистон ёш паралимпиячилари жасорат ва матонат намоён этиб, 99 та олтин, 57 та кумуш ва 41 та бронза медалини қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Бу натижа Параосиё ўйинлари тарихида мамлакат учун мутлақ рекорд сифатида қайд этилди.
Президент табригида турнир давомида Ўзбекистон давлат мадҳиясининг қарийб 100 марта янграгани алоҳида таъкидланиб, бу спортчиларнинг Ватан шуҳратини халқаро майдонда муносиб тарзда ҳимоя қилганини англатиши қайд этилди. Ўзбекистон жамоаси Эрон, Япония, Таиланд ва Индонезия каби кучли рақибларни ортда қолдирган.
Айрим спортчиларнинг жаҳон ва Осиё рекордларини ўрнатгани ҳам эътироф этилди. Шунингдек, пара енгил атлетикада ядро ва найза улоқтириш дастурларида ўзбекистонлик қизлар барча медалларни қўлга киритгани муҳим тарихий натижа сифатида қайд этилди.
«Ватанимизга юксак меҳри ва садоқати, мустаҳкам ирода ва матонати билан миллионлаб фарзандларимизга ўрнак бўлаётган сизлардек қаҳрамон ўғил-қизларимни Ёшлар ўртасидаги Параосиё ўйинларида қўлга киритган тарихий ғалабангиз билан яна бир бор чин қалбимдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятингизда улкан омад ва зафарлар тилайман», деди Шавкат Мирзиёев.





