Logo

Президент танқидига учраган банк раҳбарлари, элчилар ишини таҳлил қиладиган Саида Мирзиёева ва йўл қурилишидаги янги назорат — 21 июл дайжести

Kecha 23:033 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Президент танқидига учраган банк раҳбарлари, элчилар ишини таҳлил қиладиган Саида Мирзиёева ва йўл қурилишидаги янги назорат — 21 июл дайжести

Ўзбекистонда исломий банкларни лицензиялаш тартиби тасдиқланди

Адлия вазирлиги исломий банклар ташкил этиш ва анъанавий банкларда «исломий дарча» очишни лицензиялаш тартибини давлат рўйхатидан ўтказди. Янги низомга кўра, исломий банк фаолияти фақат лицензия асосида амалга оширилади. Лицензия олиш учун банклар уч йиллик бизнес-режа, исломий молия стандартларига мувофиқлик сиёсати, исломий молия кенгаши ҳақидаги маълумотлар ва алоҳида ҳисоб юритиш имкониятини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим.

Янги талабларга кўра, исломий банк фаолияти учун масъул раҳбар ходим банк ёки молия тизимида камида 7 йиллик иш тажрибасига, тегишли олий маълумотга ва ААОИФИ халқаро сертификатига эга бўлиши шарт. Исломий молия кенгаши эса камида уч нафар аъзодан иборат бўлиб, 2027 йил 1 июлдан бошлаб барча аъзолар ААОИФИ сертификатига эга бўлиши талаб этилади. Марказий банк лицензия бериш тўғрисидаги қарорни ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин икки ой ичида қабул қилади.

Йўл қурилишида лаборатория назорати бўйича янги тартиб жорий этилди

Адлия вазирлиги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларида лаборатория синовларини ўтказишнинг ягона тартибини тасдиқлади. Янги низомга кўра, пудрат ташкилоти бажарилаётган ишлар сифати устидан доимий лаборатория назоратини таъминлаши шарт. Агар унинг ўз лабораторияси бўлмаса, шартнома асосида ташқи лаборатория жалб қилиниши мумкин.

Шунингдек, йўл ишларини қабул қилиш жараёнида буюртмачи фаqat аккредитациядан ўтган мустақил лабораторияни жалб қилади. Пудратчининг ўз лабораторияси ёки у жалб қилган лабораторияни қабул қилиш босқичида қайта ишлатиш тақиқланади. Янги тартиб йўл қурилиши ва таъмирлаш ишлари сифатини назорат қилишни кучайтиришга қаратилган.

Президент Марказий банк ва давлат банклари раҳбарлари фаолиятига қатъий эътироз билдирилди

Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий ўсишга бағишланган йиғилишда Марказий банкнинг ҳудудий раҳбарлари ва давлат банклари филиаллари бошлиқларининг маҳаллалардаги фаолиятидан қаттиқ норози эканини билдирди. Давлат раҳбарига кўра, кейинги уч ой ичида аниқ натижа кўрсатган раҳбарлар ишида қолади, самара бермаганлари эса лавозимидан озод этилади. Шунингдек, Бош прокуратура ва Ҳисоб палатасига маҳаллалардаги ишлар натижадорлигини доимий назорат қилиш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда тадбиркорликка ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш масаласи ҳам кўтарилди. Қайд этилишича, ҳозир 51 та вазирлик ва идора 322 йўналиш бўйича молиявий жарима қўллаш ваколатига эга бўлиб, 2024–2026 йилларда қарийб 3 трлн сўмлик жарималар қўлланган. Президент назорат органлари тадбиркорларни жазолашдан аввал хатоларни бартараф этиш имкониятини бериши ва бир ҳафта ичида бюрократия ҳамда ортиқча тўловларни қисқартириш бўйича таклифлар киритишни топширди.

Саида Мирзиёевага дипломатик ваколатхоналарнинг ишини таҳлил қилиш топширилди

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишида хориждаги инвестиция лойиҳалари ижроси ва дипломатик ваколатхоналар фаолияти танқид қилинди. Қайд этилишича, 52 та олий даражадаги ташриф доирасида 213 млрд долларлик 1617 та инвестиция лойиҳаси бўйича келишувларга эришилган бўлса-да, улар ижросини назорат қилишда камчиликлар сақланиб қолмоқда. Шу боис инвестиция лойиҳалари бўйича «йўл хариталари»ни юритиш Ҳисоб палатаси ва Ташқи ишлар вазирлигига юклатилди.

Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага иқтисодий дипломатия, инвестиция ва экспорт йўналишидаги дипломатик ваколатхоналар ишини комплекс таҳлил қилиш учун махсус комиссия тузиш топширилди. Таҳлил якунлари бўйича ўз вазифасини самарали бажара олмаётган дипломатларни ёш ва замонавий фикрлайдиган кадрлар билан алмаштириш юзасидан таклифлар тайёрланади.

Ўзбекистонда гўштни самолётда олиб келиш бўйича имтиёз йил якунигача узайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда импорт гўштни самолётда олиб келиш бўйича имтиёзни йил охиригача узайтириш ҳамда авиаташув харажатларини қоплаш учун 300 млрд сўм ажратилиши маълум қилинди. Бу қарор мамлакатда гўшт нархининг ошиши ва чорвачиликда аниқланган камомад фонида қабул қилинди.

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижаларига кўра, мамлакатда қорамоллар сони 2,1 млн бошга, қўй ва эчкилар эса 1,5 млн бошга аввалги ҳисоботларга нисбатан кам экани аниқланган. Вазиятни барқарорлаштириш учун чорвачилик лойиҳаларига қўшимча маблағ ажратилиб, йил якунига қадар четдан 100 минг бош қорамол ва 150 минг бош қўй-эчки импорт қилиш вазифаси қўйилди.

Teglar

Mavzuga oid