Президент топшириғи: Форс кўрфази давлатларидаги ўзбекистонликлар эвакуация қилинади

02.03.2026 | 20:482 daqiqa

Президент бу бўйича, бош вазир Абдулла Ариповга тегишли топшириқлар берган.

Президент топшириғи: Форс кўрфази давлатларидаги ўзбекистонликлар эвакуация қилинади © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев бош вазир Абдулла Ариповга Форс кўрфази мамлакатларида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга қайтариш бўйича топшириқ берган. Бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев маълум қилди.

Қайд этилишича, бугун, 2 март куни Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур топшириқ ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.

Видеоселекторда фуқароларни хавфсиз ва тизимли равишда ватанга олиб келиш бўйича зарур чораларни кўриш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинган. Мамлакатдаги барча авиакомпанияларга Форс кўрфази давлатларида бўлиб турган юртдошларни қайтариш чораларини кўриш топширилган.

Хусусан, Жидда–Тошкент йўналишида репатриация рейсларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси юклатилган.

Kun.uz'га кўра, мажлисда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига Форс кўрфази давлатлари билан амалдаги келишувларнинг ижро ҳолатини таҳлил қилиш, шунингдек, экспорт-импорт операциялари учун муқобил йўналишларни кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилган. Қайд этилишича, вазиятдан келиб чиқиб, барча зарур чоралар тезкорлик билан амалга оширилади.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги барча авиакомпанияларга кейинги огоҳлантиришгача зиёратчиларни Умра дастури бўйича Саудия Арабистонига олиб бориш вақтинча тўхтатилган ва 2026 йил 2 мартдан бошлаб фуқароларни ватанга қайтариш учун Uzbekistan Airways Жидда–Тошкент йўналишида махсус репатриация рейсларини амалга ошириш белгиланган эди.

Яқин Шарқдаги вазият ва Ўзбекистоннинг дипломатик реакцияси

2026 йилнинг 1 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги, хусусан, Исроил ва Эрон ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувлар ва ракета зарбалари ортидан вазият кескинлашгани муносабати билан расмий баёнот берди. Минтақада кенг кўламли уруш ҳаракатлари бошлангани фонида, расмий Тошкент томонларни зудлик билан вазминликка ва ҳарбий амалиётларни тўхтатишга чақирди. Ўзбекистон позициясига кўра, низонинг янада авж олиши нафақат минтақа, балки бутун дунё хавфсизлигига таҳдид солади ва муаммони фақат дипломатик музокаралар йўли билан ҳал этиш лозим.

Вазиятнинг ҳарбий босқичга ўтиши муносабати билан, 2 март, душанба кунидан бошлаб Ўзбекистон фуқароларига Яқин Шарқ мамлакатларига, хусусан, Эрон ва Исроилга сафарларни номаълум муддатга қолдириш тавсия қилинди. Шу куннинг ўзида Саудия Арабистонига Умра дастури доирасидаги парвозлар хавфсизлик нуқтаи назаридан тўхтатилди ҳамда Жидда ва Мадина шаҳарларидаги ўзбекистонликларни тизимли равишда олиб чиқиш бошланди. Исроил ва Эронда бўлиб турган фуқароларга эса максимал даражада ҳушёр бўлиш ва имкон қадар ушбу мамлакатларни тезроқ тарк этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг Теҳрон, Тел-Авив ва минтақадаги бошқа дипломатик ваколатхоналарида 24 соатлик тезкор алоқа ва ишонч телефонлари ишлаб турибди. ТИВ ватандошлардан фақат расмий маълумотларга таянишни, ҳужжатларни тартибда сақлашни ва маҳаллий ҳукуматларнинг хавфсизлик бўйича талабларига қатъий риоя қилишни сўрамоқда.

Teglar

Mavzuga oid