Президент Вячеслав Голишев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Марҳум Вячеслав Голишев 2005-2006 йилларда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт вазири, иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари комплекси раҳбари лавозимларида меҳнат қилган.

Президент Вячеслав Голишев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов, академик Шавкат Аюпов ва «Нуроний» жамғармаси Республика бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев давлат ва жамоат арбоби Голишев Вячеслав Аркадевич шу йилнинг 7 апрел куни 75 ёшида вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Вячеслав Голишев 1951-йил 4-майда Россия Федерациясининг Омск шаҳрида туғилган. 1972-йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тугатиб, иқтисодчи мутахассислигини олган. 1980 йилда М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети аспирантурасини тамомлаган ва номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Меҳнат фаолиятини матбаа соҳасида иқтисодчи сифатида бошлаб, кейинчалик Тошкент халқ хўжалиги институти, Ўзбекистон Давлат режа қўмитаси ҳузуридаги Иқтисодиёт ва нормативлар илмий-тадқиқот институти ҳамда республика партия ва давлат органларида турли лавозимларда ишлаган.

1992-1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жаҳон муаммолари институти директори ўринбосари, Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатди. В.А.Голишев 2005-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт вазири, иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари комплекси раҳбари лавозимларида меҳнат қилиб, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашнинг муҳим йўналишларига раҳбарлик қилган.

Давлат бошқаруви соҳасидаги фаол ва ташаббускор ходим сифатида кўп йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб, ўзининг бой тажрибаси, чуқур билим ва салоҳияти, фидойилик ва ватанпарварлик фазилатларини намоён этган. Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатига оид давлат дастурлари ва концептуал ҳужжатларни ишлаб чиқишда бевосита қатнашган.

Бир неча марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига сайланган, парламентаризм, мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг қонунчилик базасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган.

Янги авлод иқтисодчи кадрларини тайёрлаш борасида ҳам фаол иш олиб борган.

Вячеслав Голишевнинг мамлакатимиз ва халқимиз олдидаги улкан хизматлари Ўзбекистон томонидан муносиб тақдирланган. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи” фахрий унвони, “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

«Давлат ва жамоат арбоби, иқтисодиёт соҳасидаги йирик олим ва мутахассис, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Вячеслав Аркадьевич Голишевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», - дейилади ҳамдардлик мактубида.

Teglar

Mavzuga oid