Президентларнинг «учар саройлари». Кимнинг самолёти энг қиммат?

Kecha 21:303 daqiqa

Давлат раҳбарлари оддий авиарейсларда эмас, балки юзлаб миллион долларлик, махсус жиҳозланган самолётларда парвоз қилади. Ушбу «учар саройлар» нафақат транспорт воситаси, балки хавфсизлик, бошқарув ва дипломатик фаолият учун мўлжалланган мобил марказ ҳисобланади. Қайси давлат раҳбарининг самолёти энг қиммат ва улар қандай имкониятларга эга?

Марказий Осиё

1

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев фойдаланадиган асосий лайнер — Airbus A330-243 Prestige ҳисобланади. Унинг VIP версияси тахминан 200–230 млн долларга баҳоланади.

Самолёт 50–60 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, 13 400 км масофагача тўхтовсиз парвоз қила олади. Бир соатлик парвоз харажати 10–12,5 минг долларни ташкил этади. У DIRCM тизими билан жиҳозланган бўлиб, ракета хавфини аниқлаб, инфрақизил нурлар орқали ундан қочиш имконини беради.

2

Қирғизистон эса сўнгги йилларда авиапаркини янгилади. Илгари фойдаланилган, 1993 йилда ишлаб чиқарилган Tu-154M ўрнига Airbus A320 харид қилинди. Унинг VIP версияси тахминан 110,6 млн долларга баҳоланади. Шунингдек, паркка Gulfstream G450 ҳам қўшилган. У 8 000 км масофагача парвоз қилади ва юқори баландликда учиши сабабли турбулентлик кам кузатилади. Ушбу самолётнинг тахминий қиймати 17,9 млн долларни ташкил этади.

Ўзбекистон: замонавий ва тежамкор лайнер

3

Ўзбекистон президенти узоқ масофали парвозлар учун Boeing 787-8 Dreamliner самолётидан фойдаланади. Унинг базавий нархи тахминан 248,3 млн доллар. Мазкур лайнер 14 140 км масофагача тўхтовсиз парвоз қила олади ва соатига 903 км тезликка эга. Самолёт ичи махсус буюртма асосида жиҳозланган бўлиб, унда конференция заллари ва ётоқхоналар мавжуд. Ушбу самолётнинг асосий афзаллиги — тежамкорлиги. У олдинги авлод самолётларига нисбатан тахминан 20 фоиз кам ёқилғи сарфлайди. Бир соатлик парвоз харажати 11–13 минг доллар атрофида.

Туркманистон: энг ёпиқ ва энг дабдабали парклардан бири

4

Туркманистон раҳбарияти ихтиёрида 5 та VIP Boeing самолёти (2 та 777 ва 3 та 737) мавжудлиги айтилади. Ушбу авиапаркни сақлаш учун йиллик харажат 40–50 млн долларга баҳоланади.

Улар орасида энг йириги Boeing 777 бўлиб, унинг қиймати 300–350 млн долларга етади. Самолёт 16 000 км масофагача парвоз қилади ва узоқ масофали расмий ташрифлар учун хизмат қилади.

Яна бир эътиборли лайнер — Boeing 737-700 бўлиб, унинг ичи ҳақиқий «учар музей»ни эслатади. Маълумотларга кўра, унда тилла суви юритилган кранлар, махсус безаклар ва миллий нақшлар қўлланилган.

Тожикистон: нисбатан камтар вариант

5

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон «Somon Air» авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-800 самолётидан фойдаланади. Унинг қиймати тахминан 106 млн доллар.

Самолёт 5 700–6 000 км масофагача парвоз қила олади, бир соатлик харажат эса 5,5–7 минг долларни ташкил этади.

Россия: «учар Кремль»

6

Россия президенти Владимир Путин фойдаланадиган Ilyushin-96-300PU самолёти дунёдаги энг қиммат президент лайнерларидан бири ҳисобланади.

Унинг базавий нархи 150–200 млн доллар бўлса-да, тўлиқ жиҳозланган VIP версияси 500 млн доллардан ошиши мумкин. Самолёт тўртта двигател билан жиҳозланган бўлиб, юқори хавфсизлик даражасига эга.

Бортда махсус алоқа тизимлари, шу жумладан «Звено» тизими ўрнатилган бўлиб, у орқали давлат раҳбари исталган нуқтадан туриб стратегик бошқарувни амалга ошириши мумкин.

Туркия: энг йирик ва қиммат флотлардан бири

7

Туркия президенти ихтиёридаги асосий лайнер — Boeing 747-8 Intercontinental. У 2018 йилда Қатар амири томонидан совға қилинган.

Самолётнинг қиймати 400–500 млн долларга баҳоланади. Оддий версияда 400 нафар йўловчи сиғдирса, VIP вариантида 76 нафарга мўлжалланган.

Бортда ётоқхоналар, мажлис зали ва ҳатто кичик тиббиёт бўлими ҳам мавжуд. Бир соатлик парвоз харажати 25–30 минг долларга етади.

 Президент самолётлари ҳақиқатан ҳам «ўқ ўтказмасми»?

 Мутахассисларга кўра, самолётларни тўлиқ бронялаш техник жиҳатдан имконсиз. Агар корпус оғир металл билан қопланса, у ҳавога кўтарила олмайди. Шу сабабли, фақат айрим муҳим қисмлар — кабина ва VIP зона енгил ҳимоя материаллари билан мустаҳкамланади.

 Асосий ҳимоя эса электрон тизимларга таянади:

• ракетага қарши лазер тизимлари

• инфрақизил тузоқлар

• ўз-ўзини «ямовчи» ёқилғи баклари

 Бу технологиялар самолётни ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Қайси самолёт энг қиммат?

Таққослашларга кўра:

        Қозоғистон — 200 миллион доллардан юқори,

·        Қирғизистон — 110 миллион доллар

        Ўзбекистон — 248 миллион доллар атрофида

        Туркманистон — 300 миллион доллардан юқори,

·        Тожикистон — 206 миллион доллар

Энг қиммат самолётлар Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўғанга тегишли. Уларнинг VIP даражадаги қиймати 500 миллион доллардан ошади.

 

Teglar

null null

ZamiraMaqolalar soni: 1

Barchasi

Mavzuga oid