Путин Эрон президенти билан телефон орқали мулоқат қилди
Теҳрон АҚШ ва Исроил ҳужумлари фонида Москвадан сиёсий қўллаб-қувватлаш кутаётганини билдирди.

Россия президенти Владимир Путин Эрон президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат давомида Москва Яқин Шарқдаги кескинликни камайтириш ва низоларни куч ишлатмасдан ҳал қилиш зарурлигини таъкидлади.
Россия зиддиятни дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори
Кремл матбуот хизмати маълумотига кўра, Россия раҳбари жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ва минтақа муаммоларини дипломатик йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини яна бир бор билдирган. Москва Яқин Шарқдаги вазиятни барқарорлаштириш учун сиёсий ва дипломатик механизмлардан фойдаланиш кераклигини таъкидлаган.
Суҳбат чоғида Путин Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар раҳбарлари билан доимий алоқада эканини ҳам айтган. Унинг таъкидлашича, Россия минтақадаги барча томонлар билан мулоқотни сақлаб қолиш орқали вазиятни барқарорлаштиришга интилаяпти.
Эрон президенти Масъуд Пезешкиён Россияга Эрон халқи билан ҳамжиҳатлик билдиргани учун миннатдорлик билдирган. У ҳозирги можаронинг кескин босқичида вазият қандай ривожланаётгани ҳақида ҳам Путинга маълумот берган.
Пезешкиён, шунингдек, Эрон Россиянинг халқаро майдондаги имкониятларидан фойдаланиб, мамлакатнинг «қонуний ҳуқуқлари»ни қўллаб-қувватлашини кутаётганини айтган. Бу баёнот АҚШ ва Исроил билан боғлиқ ҳужумлар ортидан Теҳрон Москвадан сиёсий ёрдам кутаётганини англатади.
Айни пайтда, Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Эрондан ҳарбий ёрдам ёки қурол-яроғ етказиб бериш бўйича расмий сўров олмаганини билдирган.
Эрон Озарбайжонга ҳужум қилмаган
Шу билан бирга, Пезешкиён Путинга Эрон Озарбайжонга ҳужум қилмаганини ҳам маълум қилган. У Теҳрон қўшни давлатларга қарши ҳарбий ҳаракатлар режалаштирмаганини таъкидлаб, бундай даъволарни «душманлар томонидан тарқатилаётган миш-мишлар» деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, 5 март куни Озарбайжон Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирликлари Эронга тегишли икки дрон мамлакат ҳудудига ҳужум қилганини билдирган эди. Унда Нахчивондаги аэропорт ва мактабга зарба берилгани ҳақида хабар қилинган.





