
Путиннинг «буюк қудратли давлат» лойиҳаси тугаш арафасида — «Politico»
«Politico» нашри таҳлилига кўра, Украинадаги чўзилган уруш ва халқаро майдонда иттифоқчиларни йўқотиш Кремлнинг «буюк қудратли давлат» даъволарини жиддий синов остида қолдирди.

«Politico» нашри таҳлилига кўра, Россия президенти Владимир Путиннинг мамлакатни яна глобал суперқудрат сифатида шакллантиришга қаратилган лойиҳаси изчил равишда мураккабликларга дуч келмоқда. Украинадаги уруш майдонидаги қийинчиликлар ва халқаро майдонда иттифоқчиларнинг сусайиши Кремлга яқин шарҳловчилар орасида ҳам «бир давр якунланмоқда» деган қарашларни кучайтирмоқда.
Нашрнинг таъкидлашича, Россия қўшинлари Украинага қарши босқинни аслида бир неча кун ичида якунлашни режалаштирган эди. Бироқ уруш аллақачон совет иттифоқи учун улуғ ватан уруши давом этган муддатдан ҳам ошиб кетди — 1418 кундан ортиқ. Шу вақт ичида Россия фақат Украина ҳудудининг маълум бир қисмини эгаллай олди, йўқотишлар эса турли баҳоларга кўра 1,1 миллион нафарга етган. Мамлакат ичида ҳам ижтимоий босим ортиб бормоқда: жорий йил июлида Белгород областида Украина зарбасидан сўнг юз минглаб аҳоли электр таъминотисиз қолган.
Таҳлилга кўра, Москва ташқи сиёсатда ҳам жиддий йўқотишларга учрамоқда. 2024 йил охирида Россия Яқин Шарқдаги асосий иттифоқчиларидан бири — Суриядаги Башар Асад режими қулаганидан сўнг ўз таъсирини йўқотди. Жанубий Америкада эса Кремл АҚШнинг Венесуэла собиқ раҳбари Николас Мадурони ҳибсга олишининг олдини олишга қодир бўлмади. Шу билан бирга, илк бор Россия байроғи остидаги нефт танкери АҚШ томонидан қўлга олинди.
Хавф остида қолган яна бир стратегик шерик — Эрон ҳисобланади. Москва ва Теҳрон ўртасида 2024 йилда 20 йиллик шартнома имзоланган бўлса-да, оммавий норозиликлар ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг кескин баёнотлари фонида Россия Эрондаги режимни қўллаб-қувватлашда заифлик кўрсатмоқда. Мутахассислар фикрича, Россиянинг Эрон ва Венесуэла билан иттифоқи аввалданоқ барқарор стратегик танловдан кўра, мажбурий яқинлашув бўлган.
Нашрнинг қайд этишича, ҳатто Россияга мойил муҳитда ҳам танқидлар кучаймоқда. Ҳарбий блогер Максим Калашников Россия кўпроқ «буюк қудратли давлат» образини яратганини, амалда эса бу мақомга тўлиқ эриша олмаганини таъкидлаган. Сиёсий таҳлилчиларга кўра, Кремл мавжуд шароитда сиёсатни юмшатишдан кўра, куч намойишини аввало Украинада давом эттиришни афзал кўриши мумкин. Бироқ бу йўл халқаро яккаланиш ва таъсир доирасининг янада қисқаришига олиб келиши хавфи сақланиб қолмоқда.





