Қирғизистон банклар учун янги қоидаларни жорий этмоқчи: карта эгалари ва қарз олувчилар учун нималар ўзгаради?
Янги ўзгаришлар қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, кредит расмийлаштириш, гаров мулки ва тўлов карталарига тааллуқли.
© RIA NovostiҚирғизистон Миллий банки кредит бериш, банк ҳисобларини очиш ва тўлов карталарини чиқариш қоидаларини ўзгартиришни таклиф қилмоқда. Регуляторнинг 14 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатига ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Янгиликлардан бири кредит расмийлаштиришга тааллуқли. Банкларга қарз олувчилар ҳақидаги зарур маълумотларни давлат ахборот тизимларидан тўғридан-тўғри олишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда. Бу қарз олувчилардан талаб қилинадиган ҳужжатлар сонини камайтиришга ёрдам беради.
Шунингдек, кафил ва кафолат берувчиларнинг қарзни тўлаш имкониятини баҳолаш, кредит шартномаларини расмийлаштириш ва кредит ҳужжатларини шакллантириш тартибларини такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Кредитни муддатидан олдин мобил илова ва бошқа масофавий хизматлар орқали тўлаш тартибига ҳам айрим ўзгартиришлар киритилади.
Яна бир таклиф гаров мулкига тааллуқли. Кичик миқдордаги кредитлар бўйича банклар гаровга қўйилган кўчар мулкни реал вақт режимида видео орқали текшириши мумкин бўлади. Бу айрим текширувларни масофадан туриб амалга ошириш имконини беради.
Миллий банк банк ҳисобини очишда давлат рўйхатидан ўтганликни тасдиқлаш тартибини ҳам соддалаштиришни таклиф қилмоқда. Шунингдек, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари учун ҳужжатларни расмийлаштириш талабларига аниқлик киритилади.
Ўзгаришлар тўлов карталарига ҳам тааллуқли. Регулятор олдиндан чиқарилган банк карталарининг амал қилиш муддатини узайтиришни таклиф қилмоқда. Шу билан бирга, фирибгарликнинг олдини олиш учун бундай карталарни чиқариш ва эгаларига бериш бўйича қўшимча талаблар белгиланади.
Янги ташкил этилган маҳаллий банкларга лицензия олганидан кейинги дастлабки олти ой давомида Қирғизистондаги бошқа банкларда чет эл валютасида вакиллик ҳисобварақларини очиш имкониятини бериш таклиф қилинмоқда.
Бундан ташқари, ҳужжатда кредитларни таснифлаш, эҳтимолий йўқотишлар учун захиралар шакллантириш, капитал етарлилигини таъминлаш, банк билан боғлиқ шахслар иштирокидаги операциялар ва банк хатарларини бошқаришга доир айрим талабларни қайта кўриб чиқиш назарда тутилган.
Ўзгартиришларнинг яна бир қисми қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга қаратилган. Жумладан, кредит рейтингига эга бўлмаган Қирғизистон эмитентларининг айрим қимматли қоғозларига активларни таснифлаш бўйича истисноларни қўллаш шартларига аниқлик киритиш таклиф этилмоқда.
Миллий банкнинг фикрича, ушбу ўзгаришлар молия ташкилотларининг иш юкини камайтириш, банк хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, рақамли хизматларни ривожлантириш ва хатарларни бошқариш самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
Қарорнинг қабул қилиниши давлат бюджетидан қўшимча маблағ ажратишни талаб қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2030-йилгача мамлакат иқтисодиётини қандай ўстирмоқчилигини айтганди.





