Қимматбаҳо металларга эга ерни олиб бериш учун 600 минг доллар талаб қилган фирибгар ушланди

Kecha 09:541 daqiqa

Бухорода олтин ва қимматбаҳо металларга эга бўлган давлат захирасидаги 290 гектар ерни олиб беришни ваъда қилиб, 600 минг доллар талаб қилган тадбиркор қўлга олинди.

Қимматбаҳо металларга эга ерни олиб бериш учун 600 минг доллар талаб қилган фирибгар ушланди

Бухоро вилоятида 600 минг АҚШ доллари талаб қилган шахс тезкор тадбирда ушланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган хусусий тадбиркор Бухоро вилоятининг Пешку тумани ҳудудидаги олтин ва бошқа қимматбаҳо металларга эга бўлган давлат захирасидаги 290 гектар ер майдонини ўзининг мансабдор танишлари ёрдамида аукцион савдолари орқали олиб беришни ваъда қилиб, Шофиркон туманида истиқомат қилувчи, 1983 йилда туғилган фуқародан 600 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи олдиндан 230 минг АҚШ доллари ва 840 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Тергов маълумотларига кўра, ушбу шахс муқаддам фирибгарлик жинояти учун бир неча бор судланган.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ҳамда 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Суд томонидан унга «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid