
Қирғизистон мигрантлар масаласида Россияни судга берди
Қирғизистон меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари бузилаётгани сабаб Россияга қарши Евроосиё иқтисодий иттифоқи судига даъво аризаси киритди.

Қирғизистон Республикаси Россия Федерациясига нисбатан Евроосиё иқтисодий иттифоқи судига расмий даъво аризаси киритди. Бу ҳақда 27 январь куни Қирғизистон парламенти — Жогорку Кенешнинг ижтимоий масалалар, соғлиқни сақлаш ва меҳнат қўмитаси йиғилишида маълум қилинди. Даъво меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзоларига тиббий хизмат кўрсатиш масалалари билан боғлиқ.
Йиғилишда депутат Гулнара Баатирова Россияда ишлаётган Қирғизистон фуқаролари учун тиббий суғурта полисларини олиш ва тиббий хизматдан фойдаланишда жиддий муаммолар мавжудлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бу масала ижтимоий ҳимоя нуқтаи назаридан ҳам, халқаро келишувлар ижроси жиҳатидан ҳам долзарб ҳисобланади.
Қирғизистон Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси раҳбари Азамат Муканов мазкур йўналишда ишлар давом этаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, даъво Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида қабул қилинган келишувлар шартларига амал қилинмаётгани билан боғлиқ.
Мукановнинг таъкидлашича, ЕОИИ келишувларига мувофиқ, Россия ҳудудида ишлаётган меҳнат муҳожирларигина эмас, балки уларнинг оила аъзолари ҳам мажбурий тиббий суғурта полиси билан таъминланиши керак. Бу нормалар бешта аъзо давлат томонидан имзоланган халқаро ҳужжатларда белгилаб қўйилган.
Маълум қилинишича, Евроосиё иқтисодий иттифоқи судининг ушбу иш бўйича суд мажлиси ўтган ҳафта бўлиб ўтган. Қарор эса тахминан икки ҳафта ичида эълон қилиниши кутилмоқда. Суд қарори ЕОИИ ҳудудида меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини қўллаш амалиётига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат думаси чет эллик ишчилар учун мажбурий тиббий суғурта полисини бериш қоидаларини қаттиқлаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллаган эди. Янги қонунга кўра, меҳнат муҳожирлари фақат мамлакатда беш йиллик суғурта стажига эга бўлган тақдирдагина бепул тиббий ёрдам олишлари мумкин.





