
Қирғизистон собиқ президенти барча давлат мукофотларидан маҳрум этилди
Суд ҳукми ижроси доирасида собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг барча давлат унвон ва орденлари бекор қилинди.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев барча давлат мукофотларидан маҳрум этилди. Тегишли фармонни мамлакатнинг амалдаги раҳбари Садир Жапаров имзолади. Қарор суд ҳукмини ижро этиш мақсадида қабул қилингани расман маълум қилинди.
Президент администрацияси матбуот хизматига кўра, ушбу қарор 2025 йил 3 июн куни Бишкек шаҳри Перовмай туман суди чиқарган ҳукмга асосланган. Фармон «Қирғизистон Республикасининг давлат мукофотлари, фахрий унвонлари ва мукофот пуллари тўғрисида»ги қонун ҳамда Конституция талабларига мувофиқ қабул қилинган.
Ҳужжатга асосан, Алмазбек Атамбаев
«Қирғизистон Республикасининг Қаҳрамони» олий даражаси;
II даражали «Манас» ордени;
«Данакер» ордени;
«Данк» медалидан маҳрум этилди. Шу билан бирга, 1999–2017 йиллар оралиғида ушбу мукофотларни беришга оид бир қатор президент фармонлари ўз кучини йўқотган деб эътироф этилди.
Фармонда Бош прокуратура ҳузуридаги Суд ижрочилари хизматига давлат мукофотлари ва уларга тегишли ҳужжатларни белгиланган тартибда олиб қўйиб, давлат мукофотлари фондига топшириш вазифаси юклатилган. Мазкур қарор имзоланган кундан эътиборан кучга кирган.
Эслатиб ўтиш жоизки, Атамбаев 2019 йил 8 август куни Қирғизистон махсус хизматлари томонидан Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида қўлга олинган эди. 2025 йил июн ойида суд уни сиртдан 11 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этган.
Суд хулосасига кўра, собиқ президент ер участкаларини ноқонуний олиш, Бишкек ИЭСни модернизация қилишда коррупция ҳамда оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбдор деб топилган. У 2011–2017 йилларда Қирғизистон президенти лавозимида ишлаган ва 2019 йилда дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилган.





