Қирғизистонда миллий стейблкоин ва рақамли сўм синови бошланади
Президент Садир Жапаров виртуал активлар соҳасини ривожлантириш бўйича йиғилишда Қирғизистон миллий стейблкоинини ишга тушириш ва рақамли сўм платформасини синовдан ўтказишни топширди.

Бишкек шаҳрида виртуал активлар ва блокчейн технологияларини ривожлантириш бўйича Миллий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳамда дунёдаги йирик криптовалюта платформаларидан бири — Binance асосчиси Чанпен Чжао иштирок этди.
Йиғилиш якунида давлат раҳбари бир қатор муҳим вазифаларни белгилади. Жумладан, Иқтисодиёт ва тижорат вазирлигига виртуал активлар тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириш топширилди. Бу мамлакатда рақамли иқтисодиётни ҳуқуқий жиҳатдан барқарор тарзда йўлга қўйишга қаратилган.
Фан, олий таълим ва инновациялар вазирлигига эса рақамли ва молиявий саводхонликни ошириш, шунингдек сунъий интеллект ва блокчейн соҳаларида мутахассислар тайёрлаш бўйича таклифлар киритиш вазифаси юклатилди.
Шу билан бирга, Давлат хавфсизлик қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа идоралар ўртасида хавфсизлик стандартлари ва рискларни бошқариш бўйича ягона тизим ишлаб чиқиш учун келишувлар ўтказилади. Бу рақамли активлар бозорида шаффофлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Миллий кенгаш котибиятига KGST номли миллий стейблкоинни ишга тушириш ва уни халқаро платформаларда листинг қилиш бўйича ишлар юритиш топширилди. Шунингдек, икки ой муддатда давлат криптовалюта захирасини яратиш бўйича таклифлар киритиш вазифаси ҳам белгиланди.
Қирғизистон Миллий банки эса рақамли сўм платформасини пилот тартибида синовдан ўтказишни бошлайди. Бу тажриба мамлакат молия тизимида рақамли тўловлар ва электрон пул айланмаси имкониятларини кенгайтиришга замин яратади.





