add

«Қобилжон иши»: Москва Душанбега 10 яшар бола ўлдирилиши юзасидан тергов қандай кетаётгани ҳақида ахборот берди

Kecha 16:252 daqiqa

Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддиннинг айтишича, баъзан нохуш ҳодисалар юз берса-да, «ҳукумат даражасида ўзаро тушуниш сақланади ва ҳамкорлик давом этади».

«Қобилжон иши»: Москва Душанбега 10 яшар бола ўлдирилиши юзасидан тергов қандай кетаётгани ҳақида ахборот берди

Россия Тожикистон ҳукуматига 2025 йил декабр ойида Москвада қотиллик қурбони бўлган 10 ёшли тожик бола Қобилжон Алиев иши бўйича расмий маълумотларни тақдим этди. Бу ҳақда Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин 6 феврал куни матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг айтишича, Россия томони Тожикистон тарафини ишонтириб, ушбу масала «эҳтиёткор назорат остида» эканини маълум қилган.

«Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россия Федерацияси Тергов қўмитаси Москвада жиноят ишини қўзғатди, жиноятчи қўлга олинди ва унга оғирлаштирувчи ҳолатларда қотиллик ва қотилликка уриниш айблови қўйилди. Кейин суд унга нисбатан ҳибс чорасини қўллади», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, Россия томони, шунингдек, «тергов натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилади» деб билдирган.

Сирожиддин Мухриддин 10 ёшли тожик бола билан содир бўлган фожиани «бутун халқ оғриғи» деб атади.

«Биринчи кундан бошлаб бу масала мамлакат президентининг алоҳида назоратида, Ташқи ишлар вазирлиги ҳам уни ўз назоратига олди», — дея қўшимча қилди вазир.

Бироқ Тожикистон ташқи сиёсати раҳбари Қобилжон Алиевнинг ота-онаси адвокат хизматидан фойдаланаётгани ёки йўқлиги, суд жараёни қачон бошланиши ҳақида сўз очмади.

Россиядаги тожик мигрантлари

Мигрантлар ва Россиядаги бошқа тожик фуқароларни ҳимоя қилиш ҳақида гапираркан, Сирожиддин Мухриддин ўзининг раҳбарлигидаги вазирлик Россия томони билан доимий алоқа ўрнатиб келаётгани ва Тожикистон ҳамда Россия идоралари орасида «катта ишлар олиб борилаётгани»ни айтиш билан чекланди.

Унинг сўзларига кўра, Россияда тожик фуқаролари билан содир бўлган ҳар бир ҳодиса назорат остига олинади ва ТИВнинг барча дипломатик идоралари ҳамда мамлакатнинг Россиядаги бошқа вазирлик ва идоралари «ҳар бир тожик фуқаросининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўради».

«Бироқ сиз билсангиз керак, Россия жуда катта давлат ва ҳар бир туман ва қишлоқда тожик фуқаролари бор. Уларга ўз вақтида ёрдам кўрсатишда вакилликларимиз учун баъзан қийинчиликлар бўлади. Шу билан бирга, бу ҳолатга қарамай, Россия томони билан ўзаро тушуниш мавжуд», – деди вазир.

Вазирнинг айтишича, баъзан нохуш ҳодисалар юз берса-да, «ҳукумат даражасида ўзаро тушуниш сақланади ва ҳамкорлик давом этади».

Қотиллик

Қобилжон Алиев 2025 йил 16 декабр куни Москва областидаги мактабда Россия фуқароси, 15 ёшли ўсмир томонидан пичоқлаб ўлдирилган. Тожикистон ТИВнинг билдиришича, ҳужум миллий адоват асосида содир бўлган.

Тожик боланинг танаси 2025 йил 18 декабр куни Тожикистонга етказилган ва Шаҳринав туманида дафн этилган.

Teglar

Mavzuga oid