
Қорақалпоғистонда уч киши ис газидан ҳалок бўлди
Фожиа қўлбола печни мўрисиз газ тармоғига улаш оқибатида содир бўлган.

Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида 13 декабр куни ис газидан заҳарланиш оқибатида уч нафар инсон, жумладан икки нафар вояга етмаган бола вафот этди. Ҳодиса «Саманкўл» ОФЙ Қамисшоли аҳоли пунктида ижарадаги уйда содир бўлган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Ижарадаги уйда икки набираси билан яшовчи фуқаро А.Ж. хонадонни иситиш мақсадида қўлбола иситиш печининг мўрисини кесиб олиб, уни бошқа хонага кўчирган ҳамда мўрисиз ҳолда газ тармоғига улаган.
Оқибатда фуқаро А.Ж. ҳамда унинг набиралари — 2011 йилда туғилган А.С. ва 2015 йилда туғилган А.Қ. ҳодиса жойида ис газидан заҳарланиб ҳаётдан кўз юмган.
Хабарга кўра, воқеа жойига тергов-оператив гуруҳ ва масъул идоралар ходимлари зудлик билан етиб бориб, ҳолат юзасидан кўздан кечириш ҳамда дастлабки ўрганиш ишларини амалга оширган. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, туман ҳокимлиги марҳумлар оиласига ижтимоий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода ИИО ходими оиласи билан ис газидан вафот этганлиги ҳақида хабар берган эдик.





