
Қозоғистон гўшти Ўзбекистонга неча сўмдан олиб келинаётгани маълум бўлди
Қўшни давлатдан импорт қилинган гўшт ҳажми деярли икки баробарга ошган. Импорт ҳажми ортиши билан бирга, маҳсулотнинг нархи ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада арзонлашган.

2025 йилда Ўзбекистон Қозоғистондан жами 189,9 млн долларлик 66,1 минг тонна гўшт маҳсулотларини импорт қилган. Бу ҳақда Қозоғистон Божхона хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, 2024 йил билан солиштирганда Қозоғистондан Ўзбекистонга гўшт экспорти миқдор жиҳатидан 1,8 бараварга, умумий қиймати бўйича эса 1,5 бараварга ошган.
Таъкидланишича, Қозоғистон гўштининг бир килограмми ўзбекистонлик импортчиларга ўртача 2,87 доллардан тушган. Таққослаш учун, 2024 йилда бу кўрсаткич 3,32 долларни ташкил этган. Ўзбекистон миллий валютасига чақилганда бир килограмм гўшт тахминан 36 минг сўмдан импорт қилинган.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон Қозоғистон гўштининг энг йирик харидори мақомини сақлаб қолган. 2025 йилда Қозоғистон дунё бўйича жами 213,6 млн долларлик (ўртача 2,91 доллардан) 73,3 минг тонна гўшт экспорт қилган бўлса, унинг асосий қисми айнан Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган.





