Рамазон олдидан кафе ва ресторанлар огоҳлантирилди

17.02.2026 | 12:252 daqiqa

Рақобат қўмитаси умумий овқатланиш корхоналарини Рамазон ойида аҳолини чалғитадиган акциялар қилмасликка ва истеъмолчилар соғлиғига зарар етказувчи таомларни харид қилишга мажбурламасликка чақирди.

Рамазон олдидан кафе ва ресторанлар огоҳлантирилди © Javhar Chorshanbiyeva

Рақобат қўмитаси умумий овқатланиш корхоналарини Рамазон ойи олдида огоҳлантирди.

Маълумотларга кўра, айрим умумий овқатланиш корхоналари томонидан Рамазон ойида «акция сетлар» (комплекс овқатлар тўплами) жорий қилиниб, уларни мажбурий қилиш ҳолатлари, шунингдек минимум нархлар белгилаб ундан бошқа танлов йўқлиги белгиланаётгани ҳамда бу орқали истеъмолчиларнинг эркин танлов ҳуқуқларини чекланаётганлиги аломатлари кузатилмоқда.

Қўмита эслатишича, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, истеъмолчи товар ва хизматни эркин танлаш ҳуқуқига эга. 21-моддага кўра эса сотувчи ёки ижрочи истеъмолчини қўшимча товар ёки хизматни мажбурий сотиб олишга қисташга ҳақли эмас.

Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналари ўз хизматларини кўрсатаётганда:

— истеъмолчига қўшимча хизмат ва маҳсулотларни олишга қистамаслик (истеъмолчи «сет» кўринишидаги тўпламни рад этса унга таомномадаги бошқа таомга буюртма бериш ҳуқуқини чекламаслик);

— истеъмолчилар соғлиғи учун акс таъсир қилувчи ( аллергия қўзғатувчи ферментлар мавжудлиги инобатга олинмасдан) таомларни овқатлар тўплами таркибида харид қилишига мажбурлаш ҳолатига йўл қўймасликлари лозим.

«Умумий овқатланиш корхоналари (кафе, ресторан, ошхона в.б) томонидан бу каби қонунбузиш ҳолатларига йўл қўйиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда белгиланган тартибда таъсир чоралари кўрилишини маълум қиламиз», — дейилган қўмита хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси савдо тармоқларини Рамазон ойида нархларни оширмаслик тўғрисида огоҳлантирган эди.

Teglar

Mavzuga oid