Рамазон олдидан «Вақф» фондига 1,05 трлн сўм маблағ ажратилади

16.02.2026 | 22:032 daqiqa

Президент Рамазон ойида эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш учун 1 трлн сўмдан кўпроқ маблағ йўналтиришни белгилади.

Рамазон олдидан «Вақф» фондига 1,05 трлн сўм маблағ ажратилади

16 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари муҳокама қилинди. Йиғилишда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва адолатли жамият барпо этиш давлат сиёсати устувор йўналиши экани яна бир бор таъкидланди.

Мазкур тамойиллар айниқса Рамазон ойида амалий ишлар билан мустаҳкамланиши қайд этилди. Давлат раҳбари нуронийлар, ёлғиз ва оғир аҳволдаги фуқаролар ҳолидан хабар олиш, эҳтиёжманд оилаларга амалий кўмак бериш эзгу анъана эканини билдирди.

Йиғилишда «Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» шиори остидаги комплекс чора-тадбирлар тақдим этилди. Уларни амалга ошириш учун «Вақф» хайрия жамоат фондига 750 млрд сўм, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали эса яна 300 млрд сўм ажратилиши белгиланди.

Ижтимоий ёрдам йўналишлари

Ажратиладиган маблағлар ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, ногиронлиги бор шахсларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари харажатларини қоплаш назарда тутилган.

Президент жорий йил январдаги видеоселектор йиғилишида ёшлар онгига ахборот технологиялари орқали радикал ва экстремистик ғоялар сингдиришга уринишлар кучайганини қайд этган эди. Фақат жазо ва тақиқ билан бу муаммони ҳал этиб бўлмаслиги таъкидланди.

Шу муносабат билан хотин-қизларни бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш, уларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахсларни ижтимоийлаштириш, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш, касб-ҳунарга ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Шаффофлик ва назорат

Давлат раҳбари ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилаларнинг аниқ ва шаффоф рўйхатини шакллантириш шартлигини таъкидлади. Ёрдамлар фуқароларнинг дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ва адолатли тақсимланиши кераклиги қайд этилди.

Масъул идораларга маблағлардан самарали фойдаланиш ва тақсимот жараёни устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

Teglar

Mavzuga oid