Рамазон ойида таровеҳ ўқиладиган масжидларга энергетиклар ҳам бириктирилади
Рамазон ойи давомида таровеҳ намозлари ўқиладиган икки мингдан ортиқ жоме масжидларга навбатчи энергетиклар бириктирилди.

Энергетика вазирлигида истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз ва барқарор таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиши бўлди. Йиғилишда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Бош прокурор ўринбосари Салом Самадов, «Ўзенергоинспекция» ҳамда ёқилғи-энергетика соҳасидаги акциядорлик жамиятлари раҳбарлари иштирок этди. Асосий эътибор Рамазон ойида электр таъминоти барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
Муҳокамалар натижасида ёқилғи-энергетика объектларидаги асосий ва ёрдамчи қурилмаларнинг ишончли ишлаши назоратга олинди. Аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш бўйича қўшимча чоралар белгиланди.
Икки мингдан ортиқ жоме масжидларнинг тақсимлаш тармоқлари тўлиқ кўрикдан ўтказилиб, аниқланган техник камчиликлар бартараф этилган. Таровеҳ намозлари давомида электр узилишларининг олдини олиш мақсадида ҳар бир масжидга бир нафардан навбатчи энергетик ходим бириктирилди.
Қўшимча қувват манбаи
Зарур ҳолатларда қўшимча қувват манбаи сифатида дизел генераторларини ўрнатиш режалаштирилган. Шунингдек, 2547 нафар муҳандис-техник ходимдан иборат навбатчилик тизими шакллантирилди.
Тезкор чора кўриш мақсадида 210 та авариявий чиқиш бригадаси ташкил этилди. Улар 250 та автомобил ва махсус техника билан таъминланган. Мазкур чора-тадбирлар Рамазон ойида ибодат масканларида электр таъминотида узилишларга йўл қўймасликка қаратилган.





