
«Расм сифати яхши, тўғрими?»: Жанубий Корея Хитой билан алоқаларни тиклашга уринмоқда
Си Жинпинг ва Ли Же Мённинг Пекиндаги музокаралари Сеулнинг Хитой, Япония ва АҚШ ўртасидаги дипломатик йўналишини қайта белгилаши мумкин.

Жанубий Корея президенти Ли Же Мён кеча 5 январ куни Пекинда Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашиб, икки давлат алоқаларида «янги босқич» бошлашга чақирди. Бу ҳақда Би-би-си ёзмоқда.

Қайд этилишича, тўрт кунлик ташриф давомида Лининг кун тартибидаги асосий масалалар — минтақавий хавфсизлик ва Хитойнинг корейс поп-маданиятига (К-pop) қўйган норасмий тақиқини бекор қилишдир.
Бу 2019 йилдан бери Жанубий Корея раҳбарининг Хитойга илк ташрифидир. Икки томонлама муносабатлар Лининг ўтмишдоши, Хитойга нисбатан кескин танқидий муносабатда бўлган ва импичмент эълон қилинган собиқ президент Юн Сок Ёл даврида ёмонлашган эди. Си Жинпинг эса Хитой ва ЯПпония ўртасидаги дипломатик келишмовчиликлар фонида Жанубий Корея билан алоқаларни мустаҳкамлашга мойил бўлиб турибди.
Жанубий Корея — Япония каби АҚШнинг хавфсизлик бўйича иттифоқчиси, аммо савдо масаласида Хитойга таянади. Экспертларнинг фикрича, президент Ли Пекин ва Токио ўртасида дипломатик мувозанатни сақлашга (дорбозликка) мажбур бўлади.
Душанба куни Ли ушбу ташрифни муносабатларни тўлиқ тиклаш учун «ҳал қилувчи имконият деб» атади. Икки давлат ҳукуматлари ва компаниялари технология, савдо ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қатор битимларни имзолашди.
Қизиқарли жиҳати, Ли Си Жинпинг билан селфига тушди. Бунда у ўтган йили Хитой раҳбари унга совға қилган Xiaomi телефонидан фойдаланди ва ижтимоий тармоқда: «Расм сифати ҳақиқатан ҳам яхши, шундай эмасми?», - деб ёзди у X'даги саҳифасида.

Минтақавий зиддиятлар ва Япония омили
Си Жинпинг Корея президентини «тарихнинг тўғри томонида туришга ва тўғри стратегик танлов қилишга» ундади. Шунингдек, у икки давлатнинг Япония милитаризмига қарши биргаликдаги кураш тарихини эслатиб ўтди. Экспертларнинг фикрича, Хитойнинг мақсади аниқ: Кореяни ўз томонига оғдириш ва Японияни қоралаш.
Бироқ, Жанубий Корея Хитойга ҳурмат кўрсатаётган бўлса-да, у Япония билан ҳам алоқаларни мустаҳкамламоқчи. Ли шу ой охирида Япония Бош вазири Санаэ Такаити билан учрашишни режалаштирмоқда.
Шимолий Корея масаласи
Ли Шимолий Кореяни ядровий қуролдан воз кечтириш учун Хитойнинг ёрдамига муҳтож. Пекин Пхеняннинг энг катта иқтисодий ва дипломатик ҳомийси ҳисобланади. Душанба куни Ли Корея ярим оролида тинчлик ўрнатиш учун Хитой билан ҳамкорлик қилишга ваъда берди.
Аммо вазият мураккаб: Шимолий Корея яқинда баллистик ва гипeрсоник ракеталарни синовдан ўтказди. Шу билан бирга, Жанубий Кореяда АҚШ қўшинлари жойлашгани ва ўтган йили атом сувости кемаларини қуриш бўйича АҚШ билан келишувга эришилгани Хитойни хавотирга солмоқда.
К-pop ва маданий чекловлар
Яна бир муҳим масала — Хитойнинг Жанубий Корея мусиқаси ва сериалларига 10 йилдан бери қўйиб келаётган норасмий чекловларидир. Хитой буни расман тан олмаса-да, бу 2016 йилда Кореяда АҚШ ракетага қарши тизими (THAAD) ўрнатилишига жавоб деб кўрилади.
Икки давлат раҳбарлари маданий алмашинувларни босқичма-босқич кенгайтиришга келишиб олди, бироқ аниқ муддатлар ёки мажбуриятлар ҳозирча очиқланмади.





