add

Россия Киев ва Харкивга баллистик ракеталар билан зарба берди — ОАВ

Bugun 14:352 daqiqa

Бу зарба йил бошидан бери энг кучли ҳужум сифатида қайд этилди. Ушбу ҳужум оқибатида қурбонлар бўлиб, шаҳарларга кўплаб талафот келтирди.

Россия Киев ва Харкивга баллистик ракеталар билан зарба берди — ОАВ

13 январга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинадаги энг йирик икки шаҳар — Киев ва Харкивга йил бошидан буён энг кучли ракета ҳужумини амалга оширди. Расмийлар ва маҳаллий ОАВларга кўра, Харков шаҳри атрофидаги зарба оқибатида камида тўрт нафар фуқаро ҳалок бўлган.

«Reuters» хабарига кўра, Киев шаҳри қисқа, аммо жуда кучли ракета ҳужумига учраган. Пойтахт ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг айтишича, ҳужум юқори шиддатда кечган бўлиб, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари фавқулодда ҳолатда ишлаган.

Маълум қилинишича, Киевнинг турли ҳудудларида кучли портлаш овозлари эшитилган. Ҳозирча пойтахтда қурбонлар ёки жиддий вайронагарчилик ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Украинадаги вазиятни кузатувчи Telegram каналларига кўра, бир соатга яқин вақт ичида тахминан 20 та баллистик ракета учирилган. Ушбу манбалар бу ҳужумни 2026 йил бошидан бери кўп вақт давом этган ва кучли зарба сифатида баҳоламоқда. Бироқ бу маълумотлар мустақил манбалар томонидан тўлиқ тасдиқланмаган.

Харкив области губернатори Олег Синегубов маълум қилишича, шаҳар четида амалга оширилган ракета зарбаси оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, яна олти нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган. Харков Россия чегарасига яқин жойлашган бўлиб, уруш давомида энг кўп ҳужумга учраётган шаҳарлардан бири ҳисобланади.

Россия 2022 йил феврал ойида уруш бошланганидан бери Украина шаҳарларига ракета ва дрон ҳужумларини мунтазам давом эттириб келмоқда. Асосий зарбалар энергетика инфратузилмасига қаратилган бўлиб, қиш мавсумида миллионлаб аҳолини иссиқлик ва электр таъминотисиз қолдирган. Украина ҳаво мудофаа тизимларига тушаётган босим эса йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Teglar

Mavzuga oid