
Россия қўшинлари Сурия шимолидаги муҳим ҳарбий базани тарк этмоқда
«Reuters» манбаларига кўра, Россия Қамишли аэропортидан қўшин ва оғир техникасини олиб чиқишни бошлади, бу Москва учун Сурия шимолий-шарқидаги мавқе якунланишига ишора қилади.

«Reuters» маълумотига кўра, Россия Суриянинг шимолий-шарқида жойлашган Қамишли аэропортидан ўз ҳарбий контингентини босқичма-босқич олиб чиқишни бошлаган. Манбаларнинг таъкидлашича, жараён ўтган ҳафта бошланган, сўнгги кунларда эса техника ва оғир қурол-яроғ мамлакат ғарби — Ҳмеймимдаги Россия ҳарбий-ҳаво базасига кўчирилмоқда.
Агентлик суҳбатлашган беш нафар суриялик манбага кўра, контингентнинг бир қисми яқин орада Россия ҳудудига қайтарилиши мумкин. Бу эса Москва учун минтақадаги ҳарбий иштирок қисқаришини англатади.
Қамишли аэропортидаги Россия ҳарбий ҳузури 2019 йилдан бери сақланиб келаётган эди. У Сурия Курдистони деб аталувчи ҳудуд пойтахтида жойлашган стратегик нуқта сифатида шимоли-шарқни назорат қилиш ва логистика маркази вазифасини бажарган.
Дамашқ босими
Россия қўшинларининг чиқиши Сурия ҳукумат қўшинларининг фаол ҳаракатлари фонида амалга ошмоқда. Шу ойда президент Аҳмад аш-Шаръага бўйсунувчи бўлинмалар курдлар бошчилигидаги Сурия демократик кучларидан мамлакатнинг шимоли ва шарқидаги қатор ҳудудларни қайта эгаллаб олди.
Бу ҳаракатлар Дамашқнинг бутун Сурия ҳудуди устидан назоратни тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатлари сифатида баҳоланмоқда. 24 январ куни томонлар 15 кунлик вақтинчалик сулҳ тўғрисида келишувга эришгани ҳам Reuters томонидан қайд этилган.
Москва ролининг пасайиши
21 январ куни «Коммерсант» суриялик манбасига таяниб, Дамашқ яқин орада Россиядан Қамишли базасини тарк этишни сўраши мумкинлигини ёзган эди. Манбага кўра, бу масала Ҳасака вилояти тўлиқ ҳукумат назоратига ўтгандан сўнг кўтарилиши кутилмоқда.
Сурияда ҳокимиятга келган янги маъмурият аввалроқ Москва билан келишувларга амал қилишга тайёр эканини билдириб, Ҳмеймим ва Тартусдаги асосий Россия базалари сақланиб қолишини кафолатлаган. Бироқ, Россия халқаро ишлар кенгаши эксперти Антон Мардасов таъкидлашича, курдларга босим ва минтақада рақобат кучайиши ортидан Москва воситачилик ролини йўқотган.
Экспертлар фикрича, Қамишлидан чиқиш Россиянинг Сурия шимолий-шарқидаги ҳарбий иштирокини қисқартириш жараёнининг мантиқий давоми ҳисобланади.





