add

Россияда мигрантлар имтиҳонлари тўлиқ электрон форматга ўтади

Kecha 21:302 daqiqa

Россияда чет эл фуқаролари учун мажбурий билим текшируви 2026 йилдан тўлиқ рақамлаштирилади.

Россияда мигрантлар имтиҳонлари тўлиқ электрон форматга ўтади

Россияда 2026 йил 1 январдан бошлаб мигрантлар учун ўтказиладиган рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳонлар тўлиқ электрон форматга ўтказилади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди. Янги тартиб патент ёки яшаш учун рухсатнома олишни режалаштираётган барча хорижий фуқароларга тааллуқли бўлади.

Маълум қилинишича, ислоҳот доирасида имтиҳонлар компютер орқали тест шаклида ўтказилади. Россия Федерацияси Фан ва таълим вазирлиги ушбу тизимга ўтиш қарорини тасдиқлаб, баҳолаш жараёнида инсон омили таъсирини камайтириш асосий мақсад этиб белгиланганини маълум қилди. Шу орқали шаффофликни ошириш ва коррупция хавфларини минималлаштириш режалаштирилган.

Янги тартибга кўра, имтиҳонлар фақат электрон муҳитда ва масофавий технологиялар ёрдамида ташкил этилади. Назорат органлари мамлакат бўйлаб мавжуд 203 та тест топшириш пунктида жараённи реал вақт режимида кузатиб бориш имкониятига эга бўлади. Қоғоз шаклидаги тест варақалари ҳамда видеоқайд этилмаган оғзаки суҳбатлар тўлиқ бекор қилинади.

Шунингдек, имтиҳон саволлари ва жавобларини олдиндан очиқ эълон қилиш амалиётидан воз кечилади. Саволлар базаси ҳар ой янгиланиб борилиши режалаштирилган бўлиб, бу тестларни ёдлаб олиш орқали ноқонуний тарзда имтиҳондан ўтиш ҳолатларини чеклашга қаратилган.

Имтиҳонларни қабул қилиш фақат давлат муассасалари зиммасига юкланади. Уларнинг фаолияти устидан назоратни Рособрнадзор амалга оширади. Расмийларга кўра, мазкур ислоҳот миграция соҳасида тартибни кучайтириш ва билим баҳолашнинг ягона стандартларини жорий этишга хизмат қилади.

Teglar

Mavzuga oid