Россияда Telegram асосчисига оғир айблов қўйилди
Павел Дуров Россияда унга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, давлат сўз эркинлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини чеклаш учун янги баҳоналар ўйлаб топмоқда.
© Ijtimoiy tarmoqlar«Telegram» асосчиси Павел Дуров Россиянинг ҳукуматпараст нашрлари унинг «ҳаракатлари» террористик фаолиятга кўмаклашиш жиноий иши (ЖКнинг 205.1-моддаси 1.1-қисми) доирасида тергов қилинаётгани ҳақидаги хабарларига изоҳ берди.
«Россия менга қарши «терроризмга кўмаклашиш» бўйича жиноий иш қўзғатди. Ҳар куни ҳукумат россияликларнинг «Telegram»дан фойдаланишини чеклаш учун янги баҳоналар ўйлаб топмоқда, бу билан шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва сўз эркинлиги ҳуқуқини бостиришга интилмоқда. Ўз халқидан қўрқадиган давлатнинг аянчли манзараси», — деди Дуров ўзининг инглиз тилида юритадиган каналида.
Даъволар
Тергов ҳақидаги хабарларни 24 феврал куни «Российская газета» ва «Комсомолская правда» нашрлари эълон қилди. Мақолаларда ушбу хабарлар «ФХХ материаллари»га асослангани қайд этилган.
Газета материалларида даъво қилинишича, «Telegram» жиноятлар, жумладан терактлар ва юқори мартабали ҳарбийларнинг ўлдирилишини содир этиш учун ишлатилган. Нашрларда мессенжер уруш (махсус ҳарбий операция) шароитида «НАТО давлатлари ва «Киев режими» махсус хизматларининг асосий воситасига айлангани» айтилган.
Россияда «Telegram» иши 2025 йил ёзидан бери чеклаб келинмоқда. Феврал бошида ҳукумат мессенжерни «секинлаштириш»ни кучайтирди ва бу билан «Россия қонунчилиги ижросини таъминлаш ва фуқароларни ҳимоя қилиш»га эришилаётганини таъкидлади.
Бу биринчиси эмас
Павел Дуровга нисбатан «Telegram» сабаб Францияда ҳам жиноий иш қўзғатилган. 2024 йилда у бошқа шахслар мессенжер орқали содир этган жиноятлар, жумладан фирибгарлик, пул ювиш, болалар порнографияси ва наркотиклар тарқатилишида шерикликда, шунингдек, «Telegram» Франция полицияси сўровларини эътиборсиз қолдиришда айбланган эди.





