Саида Мирзиёева янги Бош вазир ўринбосарини жамоатчиликка таништирди
Президент Администрацияси раҳбари Бош вазирнинг янги ўринбосари Дилноза Каттахоновани жамоатчиликка таништирди. Хотин-қизлар масалалари бўйича 5 та устувор вазифа белгиланди.
© Saida Mirziyoyeva Telegram kanaliДилноза Каттахонова Бош вазирнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Янги раҳбарни жамоатчилик ва соҳа вакилларига Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева таништирди ва тизимдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Хотин-қизлар сиёсатида 5 та устувор вазифа белгиланди
Йиғилиш давомида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, хориждаги ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёлларни қўллаб-қувватлаш ҳамда зўравонликнинг олдини олиш масалалари тизимли ёндашувни талаб этиши таъкидланди.
Янги раҳбар олдига қуйидаги бешта асосий вазифа қўйилди:
– Иқтисодий фаол бўлмаган аёллар билан ишлаш: Ҳар бир хотин-қиз билан манзилли ишлашнинг мутлақо янги тизимини яратиш.
– Хориждаги аёлларни қўллаб-қувватлаш: Чет элда меҳнат қилаётган хотин-қизлар ва уларнинг оилалари билан тизимли ишлаш, фарзандлари давлат эътиборида бўлишини таъминлаш.
– Оғир вазиятдаги аёлларни жамиятга қайтариш: Қийин ҳаётий вазиятга тушган (жазо муддатини ўтаётган, оиласидан узоқда меҳнат қилаётган) аёлларни таълим, касб-ҳунар, психологик ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш.
– Зўравонликнинг олдини олиш: Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини оладиган ва хавфни барвақт аниқлайдиган электрон тизимни жорий этиш.
– Оилаларни мустаҳкамлаш: Ажримларни камайтириш, ёшларни никоҳга тайёрлаш ва бепул оилавий психологик хизматлар кўламини кенгайтириш.





