
Самарқандда табиатга 422 млрд сўмдан ортиқ зарар етказганлар аниқланди
Мараторий жорий қилинган Зарафшон дарёсидан қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиш оқибатида табиатга 422 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Самарқанд вилоятида экологик қонунбузарликлардан бири аниқланиб, табиатга жуда катта миқдорда зарар етказилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Экология қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик назорат инспекцияси ҳамда вилоят Экология бош бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида Тойлоқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси ўзанида тунги вақтда ноқонуний қазиш ишлари амалга оширилгани аниқланган.
Ўрганишлар жараёнида мораторий жорий қилинган дарё ўзанидан қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари қайд этилган.
Маълум бўлишича, ноқонуний қазиб олинган норуда материаллар Ургут тумани билан Самарқанд шаҳрини боғловчи янги темир йўл линияси орқали олиб чиқилган. Ташиш жараёнида махсус бетон мосламалар ўрнатилгани ва материаллар «ZARAFSHON PROPRIETY SERVICE» масъулияти чекланган жамияти ҳудудига жойлаштирилгани аниқланган.
Етказилган зарар
Ҳуқуқбузарлик оқибатида табиатга 422 миллиард 648 миллион 358 минг сўм миқдорида зарар етказилгани ҳисоб-китоб қилинган. Ушбу ҳолат юзасидан тўпланган барча ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, темир йўл инфратузилмасига бетон бўлаклари қўйилгани юзасидан ҳудудий ички ишлар органлари томонидан алоҳида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳолат транспорт хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳам жиддий баҳоланмоқда.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 январдаги 14-сон Фармони билан қатор дарёлар, жумладан Зарафшон дарёси ўзанида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида 24 туп тол ноқонуний кесилиб, табиатга 218 миллион сўм зарар етказилгани хабар қилинган эди.





