Сентябр ойида Ўзбекистонда электромобиллар савдоси кескин ошди

23.10.2025 | 15:301 daqiqa

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, сентябр ойида мамлакатда 7,8 мингта электромобил сотилиб, бу августга нисбатан 21,6 фоизга кўпдир.

Сентябр ойида Ўзбекистонда электромобиллар савдоси кескин ошди

Ўзбекистоннинг автомобил бозорида сентябр ойида фаоллик тикланди, айниқса электромобиллар сегментида савдо ҳажми кескин ошгани қайд этилди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, бир ой ичида мамлакатда 7,8 мингта электромобил сотилган. Бу август ойига нисбатан 21,6 фоизлик ўсишни англатади ҳамда бугунгача кузатилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Шу билан бирга, жорий йилнинг учинчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистонда сотилган енгил электромобиллар сони 20,7 минг донани ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 баробар кўп. Энг юқори ўсиш Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида қайд этилган.

Бошқа томондан, сентябр ойида умумий енгил автомобил бозорида фаоллик бир оз пасайди. Йилнинг тўққизинчи ойида жами 84,6 мингта енгил автомобил сотилиб, августга нисбатан 6,4 фоизга камайди. Энг катта пасайиш Сурхондарё ва Навоий вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида кузатилган.

Бирламчи бозорда ҳам мавсумий пасайиш сезилди: янги енгил автомобиллар савдоси 31,9 минг донани ташкил этиб, 15,2 фоизга камайган. Улардан 27,4 мингтаси маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар бўлиб, бу кўрсаткич ҳам 16,1 фоизга қисқарган.

Экспертлар таъкидлашича, электромобиллар сегментидаги ўсиш аҳоли орасида экологик тоза транспорт воситаларига қизиқиш ортиши ва давлатнинг имтиёзли сиёсати билан изоҳланади.

Teglar

Mavzuga oid