Logo

Янги Тошкентда қурилиш учун инфратузилма тўловлари қайта кўриб чиқилади

Ҳудуднинг «ташриф қоғози»га айланадиган йирик тижорат объектлари ҳам кераклиги, ҳозиргача сотилган 54 та лотдан атиги 3 тасидаги лойиҳа қиймати 100 млн доллардан ошиши айтилди.

Янги Тошкентда қурилиш учун инфратузилма тўловлари қайта кўриб чиқилади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Янги Тошкентда хизмат кўрсатиш ва ижтимоий объектлар қурилишига туртки бериш учун инфратузилма тўловлари қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда 12-октябр куни президент Шавкат Мирзиёев у ерда йирик лойиҳаларни амалга ошираётган инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувда айтди.

Давлат раҳбари тураржой қуриш билан шаҳарга хизмат қиладиган меҳмонхона ёки савдо марказини барпо этишнинг иқтисодий юки бир хил эмаслигини таъкидлади.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг ёзишича, инфратузилма тўловининг базавий ставкаси савдо, сервис ва бизнес марказлари учун 3 баробар, меҳмонхона ва туризм объектлари учун 5 баробар, маданий ҳамда кўнгилочар масканлар учун 10 баробар камайтирилади. Хусусий боғча, мактаб ва шифохоналар учун тўлов 1 фоиз этиб белгиланади. Бу тартиб қурилиши бошланган лойиҳаларга ҳам татбиқ этилади.

Дунёнинг етакчи архитекторлари ишлаб чиққан ўзига хос лойиҳаларга тезкор тартиб қўлланади. Лойиҳалаш, қурилиш ва объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёнлари жадаллаштирилади, бир хил маълумотни қайта-қайта талаб қилиш амалиётига чек қўйилади.

Президент Янги Тошкентнинг мастер режаси мукаммал шаҳар қуриш учун ишлаб чиқилгани, бироқ у сармоядорлар ташаббусига тўсиқ бўлмаслиги кераклигини таъкидлади. Агар ўзига хос лойиҳа шаҳар манфаатига хизмат қилса, лот майдони ёки объект турини ўзгартириш ҳақидаги таклиф қўллаб-қувватланиши лозимлиги урғуланди. Бунга ҳуқуқий имконият борлиги, аммо таклифларни кўриб чиқиш тартиби мураккаб ва етарлича шаффоф эмаслиги, айрим қарорлар ойлаб чўзилаётгани танқид қилинди. Шу сабабли инвестор таклифларини тез ва аниқ мезонлар асосида кўриб чиқиш талаб этилди.

«Санкт-Петербург» мавзесининг концепцияси, лойиҳа ҳужжатлари ва қурилиш рухсати олдиндан тайёрлиги, дирекцияга шундай тайёр лойиҳалар сонини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлат раҳбари Янги Тошкентнинг «ташриф қоғози»га айланадиган йирик тижорат объектлари ҳам кераклигини билдириб, ҳозиргача сотилган 54 та лотдан атиги 3 тасидаги лойиҳа қиймати 100 миллион доллардан ошишини маълум қилди.

Шу мақсадда очиқ ташаббус ва «Swiss challenge» тамойили асосида ер ажратиш амалиёти йўлга қўйилиши айтилди. Унга кўра, ташаббус очиқ эълон қилинади. Агар бошқалар яхшироқ шарт таклиф этмаса, ер биринчи ташаббускорга ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Янги Тошкентга қанча инвестиция киритилганини маълум қилганди. Янги шаҳар учун жами 20 минг гектар ер ажратилган. 2 йил аввал бу ерда бир гектарнинг ўртача қиймати 10 миллиард сўмга етмаган бўлса, ҳозирда 19 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid