
Шавкат Мирзиёев Покистонга жўнаб кетди
Ўзбекистон Президенти ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида қўшма бизнес форуми ва бошқа тадбирларда иштирок этиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг таклифига биноан бугун, 5 феврал куни давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Аввал хабар қилинганидек, Исломобод шаҳрида олий даражадаги музокаралар ва Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади. Ўзбекистон – Покистон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.
Саммит якунида Қўшма декларация ва икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланиши режалаштирилган. Давлат раҳбари ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида қўшма бизнес форуми ва бошқа тадбирларда иштирок этиши кўзда тутилган.
3–4 феврал кунлари Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам Исломободга борган эди. Покистон ҳаво ҳудудида Қозоғистон президенти самолётини Ҳарбий ҳаво кучлари самолётлари кузатиб борганди.
Қарачи портида Ўзбекистон омбори ташкил этилади
Бунгача эса Ўзбекистон транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров бошчилигидаги делегациянинг Покистонга амалий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида транспорт соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган янги келишувларга эришилганди. Унга кўра, Покистон — Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон халқаро транспорт йўлаги ташкил этилади ҳамда Карачи портида Ўзбекистон омборлари барпо этилади.
Энг муҳим йўналишлардан бири сифатида Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон темир йўли лойиҳаси белгиланди. Покистон темирйўллар вазири ўринбосари Мазхар Али Шоҳ билан ўтказилган музокараларда ушбу лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш мақсадида қисқа муддатда дала тадқиқот ишларини бошлашга келишилди. Бу лойиҳа Марказий Осиё давлатларининг Жанубий Осиё портларига чиқишини таъминлашда стратегик аҳамиятга эга.
Делегация ташрифи доирасида Покистоннинг денгиз ишлари вазири ўринбосари Умар Зафар Шейх ва Карачи порти раиси Шахид Ахмед билан ҳам учрашув ўтказилди. Музокараларда Ўзбекистон юклари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, порт орқали транзит ҳажмларини ошириш ва инвесторларга имтиёзлар бериш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувлар якунида Карачи портида Ўзбекистон омборларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу қадам Ўзбекистон ташқи савдо операцияларини арзонлаштириш, етказиб бериш муддатларини қисқартириш ва миллий экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.





