add

Ўзбекистон-Покистон янги халқаро транспорт йўлаги ташкил қилинади

Ўзбекистон ва Покистон янги халқаро транспорт йўлагини очиб, Карачи портида миллий омборлар ташкил этишга келишди.

Ўзбекистон-Покистон янги халқаро транспорт йўлаги ташкил қилинади

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида транспорт соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган янги келишувларга эришилди. Унга кўра, Покистон — Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон халқаро транспорт йўлаги ташкил этилади ҳамда Карачи портида Ўзбекистон омборлари барпо этилади. Бу қарорлар Ўзбекистон транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров бошчилигидаги делегациянинг Покистонга амалий ташрифи доирасида қабул қилинди.

Энг муҳим йўналишлардан бири сифатида Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон темир йўли лойиҳаси белгиланди. Покистон темир йўллар вазири ўринбосари Мазхар Али Шоҳ билан ўтказилган музокараларда ушбу лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш мақсадида қисқа муддатда дала тадқиқот ишларини бошлашга келишилди. Бу лойиҳа Марказий Осиё давлатларининг Жанубий Осиё портларига чиқишини таъминлашда стратегик аҳамиятга эга.

photo_2026-02-04_21-22-59

Шунингдек, Покистон коммуникациялар вазири ўринбосари Али Шоҳ Масуд билан Покистон — Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон транспорт йўлагини яратиш бўйича келишувга эришилди. Томонлар жорий йил феврал ойида ушбу йўналишда пилот ташувларни амалга оширишга тайёр эканини тасдиқлади. Пилот лойиҳа янги коридорнинг иқтисодий самарадорлиги ва логистика имкониятларини баҳолашга хизмат қилади.

Карачи портида Ўзбекистон омборлари ташкил этилади

Делегация ташрифи доирасида Покистоннинг денгиз ишлари вазири ўринбосари Умар Зафар Шейх ва Карачи порти раиси Шахид Ахмед билан ҳам учрашув ўтказилди. Музокараларда Ўзбекистон юклари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, порт орқали транзит ҳажмларини ошириш ва инвесторларга имтиёзлар бериш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувлар якунида Карачи портида Ўзбекистон омборларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу қадам Ўзбекистон ташқи савдо операцияларини арзонлаштириш, етказиб бериш муддатларини қисқартириш ва миллий экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид