add

Шавкат Мирзиёев: Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини янгича ташкил қилиш керак

Давлат раҳбари Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва дипломатик ваколатхоналар ишини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев: Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини янгича ташкил қилиш керак

Ўзбекистоннинг хорижий давлатларда 2017 йилдан буён 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхонаси очилиб, уларнинг сони 60 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатларнинг сони эса 165 тага етди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилишида сўз борди.

“Бугун сизлар билан жаҳонда кескин геосиёсий ўзгаришлар бўлаётган, давлатларнинг суверенитетига хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган мураккаб пайтда учрашиб турибмиз.

«Бундай шароитда ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятимизни танқидий муҳокама қилиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини янгича ташкил қилиш кераклигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда», – деди Президент сўзининг аввалида.

Давлат раҳбари ташқи сиёсат борасида 2025 йил кўп жиҳатдан натижадор бўлганини қайд этди.

Хусусан, ўтган йили 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Янги тарихда илк бор Болгария, Финландия, Словакия, Сербия, Иордания ва Парагвай раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилди.

«Марказий Осиё плюс» форматидаги кўп томонлама мулоқотлар сермаҳсул бўлди.

Сўнгги йилларда 11 та давлат билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 19 тага етди. Қозоғистон, Озарбойжон, Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари йўлга қўйилди.

«Очиқ, прагматик, пухта ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистон глобал тинчлик ва дипломатия марказларидан бирига айланиб боряпти», – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Teglar

Mavzuga oid