
Шавкат Мирзиёев: «ТИВ нота бериш билангина чекланиб қолмоқда»
Давлат раҳбари хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари бузилиши ҳақида гапирди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани масаласига ҳам эътибор қаратилди.
«Хорижда ноқонуний бўлиб турган фуқароларимиз борлиги бизни ташвишга солади», – деди давлат раҳбари.
Таъкидланишича, ўтган йили Россияда 150 мингдан зиёд фуқарога «миграция амнистияси»ни қўллашга эришилган. Бошқа мамлакатларда ҳам фуқароларимизга қонуний асосда ишлашларига кўмаклашиш, бу борада хорижий томонлар билан музокараларни фаоллаштириш, шу билан бирга фуқароларимиз ҳам ўзлари бўлиб турган мамлакат қонунчилиги талабларига риоя қилиши лозимлиги қайд этилган.
Бундан буён миграция оқими кўпайиб бораётган давлатлар, айниқса, Европада меҳнат мигрантлари билан ишлаш элчихоналардаги консулларнинг асосий вазифаси бўлиши белгиланган.
Шунингдек, чет элдаги фуқароларимизни консуллик ҳисобига қўйиш тартибини янада соддалаштириш, ортиқча бюрократияни қисқартириш топширилган.
Йиғилишда Ўзбекистон фуқароларининг хорижий давлатларда ўтказилаётган турли рейдларда ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда жиддий норозилик уйғотаётганига эътибор қаратилган.
Аксарият ҳолатларда Ташқи ишлар вазирлиги расмий нота бериш билангина чекланиб қолмоқда.
«Элчи ва консуллар ҳар бир ҳолат юзасидан малакали юридик ёрдам кўрсатиб, хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши шарт», – деди Президент.
Бундан ташқари, хориждаги ёшлар ёки талабаларнинг турли оқимларга қўшилиб қолаётгани барчани жиддий ташвишга солиши кераклиги таъкидланган.
Бундан буён элчилар «кабинет дипломатияси»дан воз кечиб, хориждаги ватандошлар ишлаётган қурилиш майдонига, ётоқхонага, талабалар аудиториясига бориб, уларнинг муаммосини ўрганиб, ечими бўйича ишлаши шартлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга хорижда оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролар учун бепул колл-марказ ташкил этиб, мурожаатларини тегишли вазирликлар билан тезкор ҳал қиладиган тизим яратиш топширилган.





