Шимолий Кореяда «ҳамбургер» ва «караоке» сўзларини қўллаш тақиқланди

15.09.2025 | 18:204 daqiqa

Туризм ходимларини тайёрлаш давомида Шимолий Кореяда инглиз ва жанубий корейсча сўзларидан қочиш бўйича қатъий тавсиялар берилди.

Шимолий Кореяда «ҳамбургер» ва «караоке» сўзларини қўллаш тақиқланди
Корея Халқ Демократик Республикасида (КХДР) туризм соҳасидаги гидлар учун уч ойлик махсус тайёрлов курслари бошланди. Бу дастур доирасида келажакда сайёҳларга ҳамроҳлик қилувчи мутахассисларга қандай гапириш ва қайси сўзлардан қочиш кераклиги ҳақида махсус кўрсатмалар берилди. Бу ҳақда Daily NK нашри хабар қилди. 21 августдан бошлаб мамлакат бўйлаб гидлар тайёрлаш курслари старт олган. Кадрлар билан ишлаш партия бошқармаси раҳбарлигида ўтказилаётган бу лойиҳада ҳар бир гуруҳда 20–30 киши қатнашмоқда. Улар провинциялардаги хорижий тиллар университетлари битирувчилари ва сайёҳлик идоралари стажёрларидир. Махсус ўқув дастури орқали иштирокчиларга «соф шимолий корейсча тил»дан фойдаланиш, инглиз ёки жанубий Кореядан кириб келган сўзлардан қочиш бўйича кўрсатмалар берилган. Масалан, «ҳамбургер» ўрнига «дажинг-гоги кёппан» («қовурма гўштли иккита нон»), «айс-крим» (музқаймоқ) ўрнига «эсукимо» ёки «оримбосинги», «караоке-машина» ўрнига эса «экранли қўшиқ аппарати» атамаси қўлланиши кераклиги таъкидланган. Лойиҳанинг мақсади — жанубий Корея таъсири ва глобал инглизизмлардан халос бўлиб, миллий тил нормаларини туризм соҳасида ҳам мустаҳкамлаш, дейди манбалар. Аммо стажёрлардан бири, туристлар билан мулоқотда баъзан тушунарли бўлиши учун айрим халқаро сўзларни қўллашга тўғри келишини таъкидлаган.
«Бир нотўғри сўз айтиб қўйсангиз, бутун дастурдан ҳайдаб юборишлари мумкин. Шунинг учун фикр билдиришга ҳам эҳтиёт бўламиз», — деган стажёр журналистларга.
Ушбу тайёрлов курслари 3 ой давом этади, сўнгра имтиҳон ўтказилиб, муваффақиятли қатнашчилар расман ишга қабул қилинади. Эслатиб ўтамиз, пандемия сабаб 2020 йилдан бери ёпиқ бўлган КХДР 2024 йил бошида Россиядан келган сайёҳлар гуруҳи билан туризмни қайта тиклади.

Teglar

Mavzuga oid