add

Шиндзо Абэнинг қотилига умрбод қамоқ жазоси тайинланди

Bugun 12:102 daqiqa

Суд Япония тарихидаги энг резонансли ва «мислсиз» деб аталган сиёсий жиноятлардан бири бўйича ҳукм чиқарди.

Шиндзо Абэнинг қотилига умрбод қамоқ жазоси тайинланди

Япониянинг Нара округи суди собиқ бош вазир Шиндзо Абэни ўлдирган Тэцуя Ямагамини умрбод озодликдан маҳрум қилди. Ҳукм ҳақида «Kyodo» агентлиги хабар берди. Айблов томони айнан шу жазо чорасини сўраган, ҳимоя тараф эса жазони 20 йил билан чеклаш кераклигини таъкидлаган.

Суд қарори Японияда жамоат хавфсизлиги ва сиёсий зўравонлик масалаларига оид баҳслар кучайган бир пайтда эълон қилинди. Ямагами айбини тан олган.

 

Абэнинг ўлдирилиши

Шиндзо Абэ Япония ҳукуматига 2006–2007 ҳамда 2012–2020 йилларда раҳбарлик қилган ва мамлакат тарихида энг узоқ муддат хизмат қилган бош вазир сифатида танилган. Ҳодиса 2022 йил 8 июл куни Япониянинг ғарбидаги Нара шаҳрида, сайловолди тадбири пайтида содир бўлган.

Тергoв маълумотларига кўра, Ямагами Абэни муайян диний ташкилот билан боғлиқ деб ҳисоблаган. Унинг айтишича, онаси ушбу «Бирлашув черкови» деб аталувчи ушбу гуруҳга 670 минг доллар хайрия қилиб, оилани оғир молиявий аҳволга солиб қўйган.

Айблов хулосасида жиноят «мамлакатнинг иккинчи жаҳон урушидан кейинги тарихида мисли кўрилмаган», дея баҳоланди.

 

Ҳимоя томони оқлови

Ҳимоячилар Ямагамининг шахсий фожиалари ва диний гуруҳ таъсири остида шаклланган ҳаётини енгиллатувчи ҳолат сифатида кўрсатишга уринди. Бироқ суд жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги ва оқибатларини инобатга олиб, энг қатъий жазони тайинлади.

Ҳукм Японияда сиёсий хавфсизлик чоралари ва оммавий тадбирларда муҳофаза тизимини қайта кўриб чиқишга туртки берди. Кузатувчиларга кўра, бу иш давлат раҳбарларини ҳимоя қилиш стандартларини кучайтириш ва диний ташкилотлар фаолияти устидан назоратни қайта баҳолаш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.

Teglar

Mavzuga oid