
Сўмни ёқиб сигарет тутатган хитойликлар жазоланди
Уларга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судида суд ҳукми ўқилди.

Сирдарё вилоятида ўзбек сўмини ёқиб, ундан сигарет тутатиш учун фойдаланган Хитой Халқ Республикаси фуқароларига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов хабар берди.
Қайд этилишича, Сирдарё вилояти Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида сўмни ёқиб, тамаки тутатган хорижлик ишчиларнинг шахси аниқланган. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-3-моддасига асосан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман суди мазкур ишни кўриб чиқиб, эълон қилган қарорга кўра, айбдор шахсларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробари (41 млн 200 минг сўм) миқдорда жарима жазоси тайинланган.
«23 декабр санасида Ўзбекистон валютасини олиб ёқдик. Мен бу қилган ишимни нотўғрилигини англаб етдим. Бутун Ўзбекистон халқидан узр сўрайман. Қилган ишимдан пушайман», - деган хитойлик.
Иш берувчи компания мазкур воқеадан сўнг хорижлик ишчилар билан тузилган меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилган.





