add

СССРдан қолган ядровий «совға»: АЭХА Марказий Осиёни тозалаш режасини эълон қилди

Халқаро атом энергияси агентлиги томонидан тасдиқланган дастур Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни уран чиқиндиларидан тозалашни қамраб олади.

СССРдан қолган ядровий «совға»: АЭХА Марказий Осиёни тозалаш режасини эълон қилди

Халқаро атом энергияси агентлиги (АЭХА) Марказий Осиёдаги уран чиқиндиларини қайта ишлаш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган янги стратегияни қабул қилди. Бу ҳақда Британиянинг World Nuclear News ахборот портали хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу Стратегик режа Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни қамраб олади ҳамда халқаро молия ва соҳа ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишни назарда тутади. Ҳужжат собиқ совет давридаги уран қазиб олиш натижасида зарарланган ҳудудларни босқичма-босқич тозалаш ва экологик ҳолатини қайта тиклашга қаратилган.

Дастурнинг янгиланган умумий қиймати 113 миллион евро деб баҳоланмоқда. Бу суммага қурилиш-муҳандислик ишлари, лойиҳани бошқариш, кутилмаган харажатлар учун захира, шунингдек, дастур билан боғлиқ қўшимча харажатлар киритилган.

Таъкидланишича, янги стратегия илгари устувор ҳисобланмаган, экологик ва ижтимоий-иқтисодий хавф даражаси нисбатан паст бўлган объектларни ҳам қамраб олади. Икки томонлама келишувлар доирасида Россия бундай объектларни тозалаш учун Қирғизистонга 21,4 миллион евро, Тожикистондаги шундай ишларга эса 15,6 миллион евро йўналтирмоқда.

АЭХА мутахассисларининг фикрича, янги режани амалга ошириш лойиҳаларнинг бир-бирини такрорлашини олдини олади, бажарилаётган ишларнинг шаффофлигини оширади ва минтақадаги уран чиқиндиларини тозалашни тўлиқ якунлаш учун қўшимча халқаро кўмакни жалб қилиш имконини беради.

Teglar

Mavzuga oid