add

Стармер истеъфоси яқинга ўхшаяпти: Эпштейн можароси Британия ҳукуматини силкитди

Kecha 16:072 daqiqa

Эпштейн файллари атрофидаги янги ошкор этилишлар Буюк Британия бош вазири Кийр Стармер лавозимини ҳам хавф остига қўйди

Стармер истеъфоси яқинга ўхшаяпти: Эпштейн можароси Британия ҳукуматини силкитди

Буюк Британия бош вазири Кийр Стармер истеъфога чиқиши мумкин. «Bloomberg» манбаларининг хабар беришича, 2019 йилда вафот этган молиячи Жеффри Эпштейн билан боғлиқ ҳужжатлар атрофидаги можаро ҳукумат ичида жиддий сиёсий инқирозга айланмоқда. Стармернинг энг яқин маслаҳатчиларидан бири — бош вазир маъмурияти раҳбари Морган Максуини истеъфога чиққан.

Максуини 2025 йилда Питер Манделсонни АҚШдаги элчи лавозимига тавсия этгани учун «тўлиқ жавобгарлик»ни ўз зиммасига олган. Манделсоннинг Эпштейн билан алоқалари аввалдан маълум бўлганига қарамай, айнан шу қарор ҳукуматга нисбатан ишончни пасайтирган.

«Bloomberg»га кўра, айрим вазирлар Стармердан ихтиёрий равишда лавозимни тарк этишни сўраш ёки ўзлари истеъфога чиқиш орқали босим ўтказиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Манбаларга кўра, бош вазирнинг ҳафтанинг охиригача лавозимда қолиш эҳтимоли 50 фоиздан ошмайди.

 

Сиёсий оқибатлар

Питер Манделсон ўтган ҳафта Буюк Британия парламенти Лордлар палатасини тарк этди. Бу қарор ҳукумат уни пэрлик мақомидан воз кечишга чақирганидан кейин қабул қилинган. Шу билан бирга, полиция унга нисбатан жиноий тергов бошлаб, тинтувлар ўтказган.

АҚШ Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган Эпштейнга оид ҳужжатларда Манделсон 2009 йилда, бизнес ишлари бўйича вазир бўлиб ишлаган пайтида, Эпштейн билан банкиирлар бонусларига солиқ жорий этиш масаласини муҳокама қилгани қайд этилган. Бу маълумотлар ўша даврда очиқ эълон қилинмаган эди.

Лейбористлар партияси депутати Энди Макдоналд BBC эфирида чиқиш қилиб, агар Стармер хатосини очиқ тан олмаса ва вазиятни қандай бартараф этишини аниқ айтмаса, унинг сиёсий келажаги яқин ойларда якунланишини билдирди.

 

Манделсоннинг шубҳали алоқалари

Парламент Манделсоннинг элчи этиб тайинланишига оид ҳужжатларни очиқлаш ҳақида қарор қабул қилган. Бу қарор охир-оқибат бош вазир Кийр Стармер томонидан маъқулланган. Шу жиҳат унинг шахсий жавобгарлигини янада оширмоқда.

Айрим депутатлар Манделсоннинг россиялик миллиардер Олег Дерипаска билан яқин алоқаларини ҳам савол остига қўймоқда. Улар давлат сирлари хавфсизлигига доир текширувлар ўтказилиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

Можаро нафақат ҳукумат ичида, балки жамоатчилик орасида ҳам ишонч инқирозига сабаб бўлмоқда. Яқин кунларда Стармер қандай қарор қабул қилиши Британия сиёсий барқарорлиги учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Teglar

Mavzuga oid