add

Суриядаги қамоқхонадан ИШИД маҳбуслари қочиб кетди

Bugun 10:362 daqiqa

Сурия ҳукуматига кўра 120 нафар ИШИД маҳбуси қочган, курд манбалари эса қочган маҳбуслар сони 1 500 нафар эканини айтмоқда.

Суриядаги қамоқхонадан ИШИД маҳбуслари қочиб кетди

Сурия шарқидаги Шаддади қамоқхонасидан жазо ўтаётган тахминан 120 нафар ИШИД маҳбуси қочиб кетган, деб хабар бермоқда «Reuters» агентлиги Сурия Ички ишлар вазирлигига таянган ҳолда. Ҳодиса Сурияда назорат ҳудудлари қайта тақсимланаётган бир пайтда содир бўлиб, хавфсизлик билан боғлиқ хавотирларни кучайтирди.

Қидирувга армия жалб қилинган

Сурия ички ишлар вазирлигига кўра, маҳбуслар қочганидан сўнг Шаддади шаҳри ва унинг атрофига Сурия армияси бўлинмалари ҳамда махсус кучлар жалб этилган. Қидирув амалиётлари давомида ҳозирча 81 нафар қочқин қайта қўлга олинган.

Қолган шахсларни ушлаш бўйича чоралар давом этмоқда.

Ўзи нечта одам қочди?

Шу билан бирга, қамоқхонадан қочган маҳбуслар сони бўйича маълумотлар бир-биридан кескин фарқ қилади. Курдларнинг «Rudaw» нашри Сурия демократик кучлари матбуот котиби Фарҳод Шомийга таяниб, қамоқхонадан 1 500 нафарга яқин ИШИД аъзоси қочганини хабар қилди.

Расмий Дамашқ эса бу рақамларни тасдиқламаяпти.

Курдларнинг қўли?

Сурия армияси мазкур қамоқхона аввал Сурия демократик кучлари (СДК) назоратида бўлганини таъкидлаб, курд тузилмаларини жангариларни қасддан қўйиб юборишда айблади. Ўз навбатида, СДК вакиллари ҳукумат кучларининг ҳаракатлари оқибатида қамоқхона устидан назорат йўқотилганини билдирмоқда. Армия эса қамоқхонага ҳужум қилинганини инкор этиб, асосий мақсад ҳудуд хавфсизлигини таъминлаш эканини айтмоқда.

Бу воқеалар 18 январ куни СДКнинг Раққа ва Дайр-аз-Завр вилоятларидан чиқиб кетишга рози бўлгани ортидан юзага келган. 19 январдан бошлаб мазкур ҳудудларда ҳукумат қўшинлари назорат ўрнатди. СДК етакчиси Мазлум Абдий ва амалдаги президент Аҳмад аш-Шаръа ўртасида имзоланган келишув эса курд кучларини Сурия армиясига интеграция қилишни кўзда тутади.

Teglar

Mavzuga oid