add

Табиий вентиляцияни кучайтириш орқали пойтахтда ҳаво сифатини яхшилаш режалаштирилмоқда

24.01.2026 | 20:402 daqiqa

Тошкентда шамол оқимларини рақамли моделлаштириш вентиляцияни ҳаво айланишини яхшилаш режаси ишлаб чиқилиб, шаҳар экологиясига таъсир этувчи асосий омиллар аниқланади.

Табиий вентиляцияни кучайтириш орқали пойтахтда ҳаво сифатини яхшилаш режалаштирилмоқда

Тошкент шаҳрида табиий вентиляцияни яхшилаш орқали чанг-тўзон ва ҳаво ифлосланишини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режалаштирилмоқда. Бу «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йили доирасида ҳамда «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга оширишга қаратилган давлат дастури лойиҳасида назарда тутилган. Асосий мақсад — шаҳарда шамол оқимларини эркинлаштириш орқали экологик барқарор муҳит яратиш. Лойиҳа доирасида шамол йўналишлари ва табиий вентиляция ҳолатини илмий асосда ўрганиш режалаштирилган. Урбанистик моделлаштириш орқали шамол тўсилиб қоладиган ҳудудлар аниқланади ва ҳаво айланишига салбий таъсир этувчи омиллар баҳоланади.

Илмий моделлаштириш

Тошкентда Urban digital twins технологиялари жорий этилиб, шаҳарнинг рақамли шамол модели ишлаб чиқилади. Бу орқали шамол тезлиги, йўналиши ва бинолар зичлигининг ҳаво ҳаракатига таъсири комплекс таҳлил қилинади. Шунингдек, шаҳар ҳудудида табиий вентиляция коридорлари белгилаб олиниб, уларни чеклаётган омилларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади. Режалаштирилаётган бинолар қаватлилигини пасайтириш, очиқ майдонларни кенгайтириш орқали шамол айланишини яхшилаш кўзда тутилган. Аҳоли яшайдиган ҳудудларда махсус датчиклар орқали шамол ва ҳаво ҳолати доимий мониторинг қилинади.

Кутилаётган натижалар

Тадқиқотлар якунларига кўра, Тошкент шаҳрининг бош режасига тегишли ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилган. Кутилишича, 1,5–3 метр баландликда шамолнинг ўртача тезлиги 25 фоизгача ошади, шамолсиз кунлар сони эса йил давомида 30 фоизга камаяди. Бундан ташқари, PM2,5 заррачалари юқори бўлган кунлар сонини 25 фоизга қисқартириш, ёзда ҳаво ҳароратини 0,5–1,5 даражага пасайтириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, республика ҳудудларида яшил боғлар, «яшил деворлар», ботаника боғлари ва соя-салқин кўчалар барпо этиш орқали чанг-тўзон таъсирини камайтириш режалаштирилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid