Таълим ва илм-фан вазирига бириктирилган идоралар рўйхати эълон қилинди
Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари учун масъул бўлган Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазирига бириктирилган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар рўйхати эълон қилинди.

Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари учун масъул бўлган Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазирига бириктирилган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар рўйхати тасдиқланди. Президентнинг 2026 йил 9 октябрдаги фармонида келтирилган рўйхатга таълим ва илм-фан, соғлиқни сақлаш, ички ишлар ҳамда ёшлар сиёсати соҳаларидаги идоралар киритилган.
Жумладан, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги, Касбий таълим агентлиги, Инновацион ривожланиш агентлиги ва Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги шулар жумласидан.
Шунингдек, рўйхатдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Клиник аудит инспекцияси, Ички ишлар вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги жой олган.
Фанлар академияси, вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларнинг тегишли вазифалари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тегишли масалалар бўйича ўринбосарлари ҳам рўйхатга киритилган.
Фармонга мувофиқ, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири мазкур идоралар фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда улар зиммасига юклатилган вазифалар ижросига умумий раҳбарлик қилади.
Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамасида 12 штат бирлигидан иборат Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятини ташкил этиш ҳам белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасида 12 нафар штат бирлигидан иборат Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти ташкил этилади, унинг 5 та штат бирлиги Ижтимоий ривожланиш масалалари бўлимидан, 7 та штат бирлиги эса Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликларининг қайта ташкил этилиши ҳисобига шакллантирилади.





