Logo

Telegramда энди пост орасига расм ва видео жойлаштириш мумкин

Мессенжер навбатдаги йирик янгиланишини эълон қилди. Унда Premium фойдаланувчилар учун хабар орасига расм ва видео жойлаштириш, сарлавҳа ва жадваллар киритиш функцияси тақдим қилинди.

Telegramда энди пост орасига расм ва видео жойлаштириш мумкин © Telegram.org

Telegram мессенжери навбатдаги йирик янгиланишини тақдим этди. Энди фойдаланувчилар бой матн муҳаррири, ҳамжамиятлар (Communities), гуруҳларда махфий бот жавоблари ва GIF қидирув тизимининг кенгайтирилган версиясига эга бўлади.

Бу сафарги асосий янгилик — бой матн муҳаррири функцияси бўлди. У Telegramда блог, мақола ёки узун постлар ёзишни қулайроқ қилади.

Илғор матн муҳаррири орқали матнга сарлавҳалар, жадваллар, рўйхатлар, иқтибослар ва код блокларини киритиш мумкин бўлади. Янги функция хабар ўртасига расм ва видеолар қўшиш имкониятини ҳам беради.



Шунингдек, битта хабарда юбориладиган матн ҳажми 32 768 белгича оширилди. Мазкур имконият ҳозирча фақат Telegram Premium обуначилари учун тақдим этилган.

Бу янгиланиш Telegram ўз фойдаланувчилари учун блог юритиш ва узун форматдаги контент яратишга эътибор қаратаётганини кўрсатади.

Шунга ўхшаш имконият бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам бунгача ишга туширилган. Масалан, X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида ҳам Premium фойдаланувчилар мақола ёзиши мумкин.

Бошқа тармоқлардан фарқли равишда Telegram айнан блог юритиш йўналишида оммаллашган. Ўзбекистонда кўплаб журналистлар, соҳа мутахассислари ва бошқа муаллифлар бу ерда ўз каналларини юритади.

Аҳолининг катта қисми Telegramдан фаол фойдалангани сабаб бизнес вакиллари ҳам ўзининг хизмат ва маҳсулотларини бу ерда фаол реклама қилади.

Ҳамжамиятлар пайдо бўлди

Telegram энди бир нечта гуруҳ, канал ва ботларни ягона ҳамжамият (Community) таркибига бирлаштириш имконини беради.

Ҳамжамият аъзолари бошқа чатларни кўриши ва уларга таклиф ҳаволасисиз қўшилиши мумкин. Администраторлар эса қайси чатлар очиқ ёки яширин бўлишини, шунингдек, янги чатларни ким қўша олишини бошқаради.

Бундан ташқари, ҳамжамият барча чатларни битта папка кўринишида жамлайди ва чатлар рўйхатини ихчамлаштиради.

Гуруҳларда махфий бот жавоблари

Янгиланиш билан ботлар гуруҳларда фақат маълум фойдаланувчига кўринадиган хабарларни юбора олади.

Бот орқали юборилган хабарлар бошқа иштирокчиларга кўринмайди. Шунингдек, айрим бот буйруқлари вақтинчалик хабар сифатида ишлайди ва фақат буйруқни юборган фойдаланувчи ҳамда ботга кўринади.

GIF кутубхонаси 350 миллионтагача кенгайди

Telegram GIF қидирув тизимини ҳам янгилади. Эндиликда фойдаланувчилар 36 тилда 350 миллиондан ортиқ GIF орасидан қидирув амалга ошириши мумкин.

Компания маълумотига кўра, янги қидирув тизими очиқ манбага эга сунъий интеллект моделлари асосида ишлайди ва фойдаланувчиларнинг қидирувлари учинчи томон хизматларига узатилмайди.

Teglar

Mavzuga oid

Telegramда энди пост орасига расм ва видео жойлаштириш мумкин | Vaqt.uz