add

Тошкент метросида йўловчи вагон эшиги бузилишига сабаб бўлди

Bugun 09:557302 daqiqa

Йўловчининг эҳтиётсиз ҳаракати метро ҳаракат хавфсизлигига таъсир қилиб, вагон эшигининг бузилишига олиб келди.

Тошкент метросида йўловчи вагон эшиги бузилишига сабаб бўлди

16 декабр куни Тошкент метрополитенида йўловчилар хавфсизлиги билан боғлиқ ҳолат қайд этилди. «Мустакиллик майдони» бекатидан «Пахтакор» томон ҳаракатланиши керак бўлган 16-сонли ҳаракат таркиби техник носозлик сабаб йўналишни давом эттира олмади. Ҳодиса соат 16:23 атрофида, поезд йўловчиларни қабул қилиб, эшиклар ёпилаётган вақтда юз берган.

Метрополитен матбуот хизмати маълум қилишича, йўловчилардан бири поезд ҳаракатини кечиктирмаслик мақсадида вагон эшигини куч билан очишга уринган. Натижада эшикни ҳимоя қилувчи махсус механизм ишдан чиққан. Машинист муаммони жойида бартараф этган бўлса-да, поезд кейинги бекатга етмасдан олдин ушбу носозлик яна такрорланган.

Вазиятни инобатга олган ҳолда, машинист амалдаги йўриқномага мувофиқ ҳаракат қилиб, поездни тўхтатган ва вагондаги барча йўловчиларни хавфсиз тарзда бекатга туширган. Шундан сўнг ҳаракат таркиби техник кўрик ва таъмирлаш учун электродепога олиб кетилган.

«Тошкент метрополитени» давлат унитар корхонаси мазкур ҳолат барча йўловчилар учун сабоқ бўлиши кераклигини таъкидлади. Корхона вакилларига кўра, метро инфратузилмасига етказилган ҳар қандай шикаст нафақат ҳаракат жадвалига, балки одамлар ҳаётига ҳам хавф солиши мумкин.

Шу муносабат билан метрополитен раҳбарияти метро қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди. Хусусан:

  • Бекатга яқинлашганда вагондан тушиш учун эшикларга олдиндан яқинлашинг;

  • Вагонлардан чиқаётган йўловчиларга аввал йўл беринг;

  • Йўловчилар тўлиқ тушиб бўлгач, вагонга чиқинг;

  • Вагонга киргач, эшик олдида туриб олманг, вагон ўртасига ҳаракатланинг;

  • Метро вагонлари эшикларига суянманг;

Бекат ва йўлакларда ҳаракатланишда ўнг қўл қоидасига амал қилинг. Юқоридаги қоидаларга риоя этиш барчанинг хавфсизлиги ва қулайлигини таъминлаши билдирилди.

Teglar

Mavzuga oid