
Тошкент метросининг 49 та бекатида йўл ҳақини кафт орқали тўлаш мумкин
Метрополитенда биометрик технология жорий этилиб, йўловчилар энди карта ёки телефонсиз ҳам тўлов қилиш имкониятига эга бўлади.

Тошкент метрополитенида йўл ҳақини кафт орқали тўлаш имконини берувчи инновацион тўлов тизими ишга туширилди. Янги технология йўловчининг кафтидаги томир чизиқларини таниш асосида биометрик идентификация орқали тўловни амалга оширади. Шу тариқа метро бекатларига кириш учун транспорт картаси ёки смартфон олиб юриш талаб этилмайди.
Маълум қилинишича, ҳозирда мазкур тизим метрополитеннинг 49 та бекатида жорий этилган. Ундан ҳар куни ўртача 20–25 минг нафар йўловчи фойдаланмоқда. Бу кўрсаткич янги тўлов усули қисқа вақт ичида аҳоли орасида оммалашаётганини кўрсатади.
Тизимдан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиш жараёни оддий ва тезкор бўлиб, тахминан 5 дақиқа вақт олади. Йўловчи бир марта биометрик маълумотларини рўйхатдан ўтказгандан сўнг, кейинги сафарларда қўшимча ҳаракатларсиз метро хизматларидан фойдаланиши мумкин.
Таъкидланишича, бундай рақамли ечимлар шаҳар инфратузилмасига бўлган ишонч даражасини оширади. Тошкентда финтех ташаббусларини ривожлантириш учун барқарор ва хавфсиз муҳит изчил равишда шакллантирилмоқда. Бу жараён халқаро ва маҳаллий инвесторларнинг фаол иштирокида замонавий, юқори технологияли лойиҳаларни амалга оширишга замин яратаётгани билан аҳамиятли.
Кафт орқали тўлов технологиясининг жорий этилиши турникетлар олдидаги навбатларни сезиларли даражада қисқартириши кутилмоқда.





