add

Тошкент–Самарқанд  йўналишида янги юқори тезликдаги темирйўл қурилади — Президент

Bugun 13:061031 daqiqa

2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ички темирйўл инфратузилмасини ривожлантириш доирасида «Тошкент–Самарқанд» йўналишида юқори тезликдаги янги линия қурилиши режалаштирилмоқда.

Тошкент–Самарқанд  йўналишида янги юқори тезликдаги темирйўл қурилади — Президент

Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида хизматлар соҳаси ва туризмни ривожлантиришда транспорт-логистика инфратузилмасини кенгайтириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Президентнинг қайд этишича, туристлар оқимининг кескин ортиши авиация ва темирйўл транспортида йўловчи ташиш қувватини камида икки баробар оширишни талаб қилмоқда. Шу сабабли ички темирйўлларни модернизация қилиш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади.

Дастурга мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб шаҳарларни тез юрувчи поездлар билан боғлаш мақсадида қўшимча 500 км темирйўл қурилиши кўзда тутилган. Бу мамлакатда ички ҳаракатланишни сезиларли даражада тезлаштириши кутилмоқда.

Келгуси йилнинг ўзида 110 км янги темирйўл трамоғи барпо этилиб, Бўка, Пискент, Бекобод, Боёвут туманлари ҳамда Нурафшон шаҳри Тошкент билан тўғридан тўғри боғланади.

Айниқса, «Тошкент–Самарқанд» йўналишида юқори тезликдаги йўловчи поездлари учун алоҳида янги линия қурилиши сафар вақтини қисқартириш, хизмат сифати ва ҳаракат хавфсизлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, йирик транспорт инфратузилмаси лойиҳалари доирасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Навоий шаҳарларидаги вокзалларни хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.

Teglar

Mavzuga oid