Тошкент ва Прага тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда

23.02.2026 | 10:252 daqiqa

Ҳозирда йўловчилар асосан Истанбул орқали транзит рейслардан фойдаланади. Тўғридан тўғри рейслар туроператорлар ва индивидуал сайёҳларга сафарларни олдиндан режалаштириш имконини бериши айтилмоқда.

Тошкент ва Прага тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда

Тошкент ва Прага ўртасида мунтазам тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича амалий музокаралар бошланди. Ўзбекистон дипломатлари Ватслав Гавел номидаги Прага халқаро аэропортининг йўналишларни ривожлантириш бўйича менежери Мартин Татек билан онлайн учрашув ўтказди, дея хабар берди «Дунё» АА.

Мулоқотда туристик ва ишбилармонлик оқимини кенгайтириш, фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Чехия фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз режим амал қилиши, ўзбекистонликлар учун туристик визалар бериш амалиётида ижобий ўсиш кузатилаётгани таъкидланди.

Мартин Татек Ўзбекистоннинг маданий-тарихий салоҳияти чех сайёҳлари учун юқори қизиқиш уйғотаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бой маданий мерос, тарихий обидалар ва сайёҳлар учун яратилган инфратузилма мамлакатга ташриф буюраётган меҳмонларда ижобий таассурот қолдирмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон Чехия ишбилармон доиралари учун ҳам истиқболли бозор сифатида баҳоланмоқда.

Учрашув иштирокчилари тўғридан-тўғри рейслар туризм ва бизнес алоқаларини самарали ривожлантиришда ҳал қилувчи омил эканини таъкидлади. Ҳозирда йўловчилар асосан Истанбул орқали транзит парвозлардан фойдаланмоқда, бу эса йўналишнинг рақобатбардошлигини пасайтирмоқда.

Прага–Тошкент йўналишидаги тўғридан-тўғри рейслар туроператорлар ва индивидуал сайёҳларга сафарларни олдиндан режалаштириш, туристик пакетлар шакллантириш ва тизимли маркетинг юритиш имконини беради. Чехия томони «Uzbekiston Airways»ни асосий ҳамкор сифатида кўрмоқда.

Март ойи бошида Прага аэропорти, миллий авиакомпания ва манфаатдор хусусий ташувчилар иштирокида қўшимча онлайн учрашув ўтказиш режалаштирилган. Унда мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш шартлари ва рағбатлантириш чоралари муҳокама қилинади.

Teglar

Mavzuga oid