Тошкент вилоятида қамоқдан қочган маҳкум 3-синф ўқувчисига жинсий тажовуз қилганлиги айтилмоқда
Маҳкум олдин ҳам номусга тегиш жинояти учун 16 йилга озодликдан маҳрум этилиб, жазони ўтаётган бўлган.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси маълумот беришича, 1994 йилда туғилган маҳкум М.Т. 16 октябр куни манзил-колониядан қочиб, вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш) бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Расмий маълумотга кўра, у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезда аниқланиб, процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълум бўлишича, М.Т. 2018 йилда номусга тегиш жинояти учун айбдор деб топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жазони умумий тартибдаги колонияда ўтаётган маҳкум 2024 йилдаги суд ажримига кўра, қолган 9 йил-у 2 ойлик муддатни ўташ учун манзил-колонияга ўтказилган.
У Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги корхонада ишлашга жалб этилган, аммо 16 октябр куни иш жойидан қочиб кетган. Кейинроқ ижтимоий тармоқларда унинг мактабдан қайтаётган 3-синф ўқувчисини зўрлагани ҳақида хабарлар тарқалди.
Жиноят кодексига кўра, 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахс 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бу ҳолат аҳолини жамоат хавфсизлиги ва манзил-колониялар назоратини кучайтириш зарурлиги ҳақида жиддий ўйлашга ундамоқда.
Айни ҳафтада мамлакатда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича иккинчи жиноят қайд этилди — 14 октябрь куни Наманганда ҳам 7 ёшли қизалоқ ўз қариндоши томонидан зўрлангани маълум қилинган.





