add

Тошкент халқаро аэропорти 2025 йилда қарийб 10 млн йўловчига хизмат қилди

Bugun 10:001 daqiqa

2025 йил якунларига кўра, Тошкент халқаро аэропорти 9,96 млн йўловчига хизмат кўрсатиб, рейслар ва пассажир оқими бўйича рекорд натижа қайд этди.

Тошкент халқаро аэропорти 2025 йилда қарийб 10 млн йўловчига хизмат қилди

Тошкент халқаро аэропорти 2025 йил якунлари бўйича мамлакатнинг энг йирик авиатугуни мақомини сақлаб қолди. Йил давомида аэропорт орқали жами 40 153 та рейс амалга оширилиб, 9 964 602 нафар йўловчига хизмат кўрсатилди.

Бу кўрсаткичлар 2024 йил билан солиштирилганда сезиларли ўсишни акс эттиради. Ўтган йили аэропорт 34 789 та рейсни қабул қилган ва 8 725 521 нафар йўловчига хизмат кўрсатган эди. Натижада, йўловчи оқими 14 фоизга, рейслар сони эса 15 фоизга ошган.

Йўловчиларнинг катта қисми халқаро йўналишларга тўғри келди. Аэропорт йил давомида Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва МДҲ мамлакатлари билан мунтазам авиақатновни таъминлади. Шу билан бирга, ички рейсларга бўлган барқарор талаб ҳам сақланиб қолди.

Расмий маълумотларга кўра, ўсишга маршрутлар тармоғини кенгайтириш, парвозлар частотасини ошириш ва аҳоли ҳамда бизнес сегментида саёҳат фаоллигининг ортиши асосий омил бўлди. Авиақатнов географиясининг кенгайиши Тошкентнинг минтақавий транзит маркази сифатидаги ролини мустаҳкамлади.

Кўрсаткичлар Ўзбекистон авиация инфратузилмасидаги ислоҳотлар ва инвестиция лойиҳаларининг амалий самара бераётганини, шунингдек, пойтахт аэропортининг мамлакат ҳаво қатновидаги стратегик аҳамияти ошиб бораётганини кўрсатади.

Аввалроқ Самарқанд халқаро аэропорти 2025 йилда 1,5 миллион йўловчига хизмат қилгани хабар қилинган эди.

Teglar

Mavzuga oid