Тошкентда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти қарзи 353 млрд сўмга етди

07.07.2025 | 10:403 daqiqa

Тошкент шаҳрида иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти бўйича умумий қарздорлик 353 млрд сўмга етди. Аҳолининг катта қисми суд чақирувини олмагунча тўловларни амалга оширмаяпти. Бу ҳақда Veolia Energy Tashkent компанияси вакили Севара Пардаева маълум қилди.

Тошкентда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти қарзи 353 млрд сўмга етди
2025 йил 1 июн ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти бўйича умумий қарздорлик 353 млрд сўмга етди. Малумотларга кўра, қарздорликнинг 278 млрд сўми шаҳар аҳолиси ҳиссасига тўғри келмоқда. Қолган 75 млрд сўм бюджет ташкилотлари ва юридик шахсларга тегишли. Севара Пардаеванинг таъкидлашича, компания қарзларни ундириш учун 90 фоиз истеъмолчиларни судга беришга мажбур бўлмоқда. «Кўпчилик суд қоғози келмагунча иссиқ сув учун пул тўлашни ўйламайди. Агар аҳоли тўловни амалга оширмаса, 60 кун кутиб, қарзни судга берамиз. Суддан кейин иш Мажбурий ижро бюросига ўтади ва пулни ундириш 6-8 ой вақт олади. Бу ҳолат қувурларни таъмирлаш ва бошқа ишларимизга салбий таъсир кўрсатмоқда», деди у. Ҳозирги кунда шаҳарнинг айрим ҳудудларига 11,5 мингта онлайн ҳисоблагичлар ўрнатилган ва жорий йил охиригача яна 75 мингта ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бу ишлар асосан Мирзо Улуғбек, Олмазор ва Сергели туманларида амалга оширилади. Компания маълумотига кўра, Тошкентда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти истеъмолчилари сони 450 мингта бўлиб, умумий ҳисоблагичлар сони 600 мингтага етган. Уларнинг 90 фоизи аҳоли ҳисобланади. Veolia Energy Tashkent вакиллари қарздорликни камайтириш мақсадида электрон ҳисоблагичлар ўрнатишни давом эттиришларини маълум қилган. Бироқ, бу ҳисоблагичлар фақат қарздорлик юқори бўлган туманларда жорий қилинади.

Teglar

Mavzuga oid