
Тошкентда ноқонуний криптоайланма ва наркотик моддалар савдоси билан шуғулланган гуруҳ қўлга олинди
Telegram бот орқали наркотик сотиб, миллионлаб долларлик криптоайланмани амалга оширган гуруҳ аъзолари қўлга олинди.

Тошкент шаҳрида наркотик воситалар савдоси ва криптоактивлар айланмаси билан шуғулланган уч нафар шахс қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ Telegramда махсус бот орқали ноқонуний фаолият юритган.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълум қилишича, тезкор тадбирлар ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бўлинмалари томонидан амалга оширилган. Аниқланишича, бот орқали нафақат гиёҳвандлик моддалари, балки криптоактивларни қабул қилиш, ўтказиш ва айирбошлаш ишлари ҳам йўлга қўйилган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида пойтахтнинг Юнусобод тумани ҳудудида 1997 ва 2001 йилларда туғилган, А., Ш. ва Т. исмли шахслар қўлга олинди. Тергов жараёнида айнан шу шахслар бот ва тегишли каналларни бошқариб келгани маълум бўлди.
Қўлга олиш вақтида тўрт дона смартфон, уч дона ноутбук, ўн икки дона банк пластик картаси, ўн бир дона SIM-карта ҳамда қогозга ўралган гиёҳвандлик моддалари далилий ашё сифатида олинди. Барча ашёлар холиcлар иштирокида расмийлаштирилди.
Телефонларни кўздан кечириш чоғида хорижий электрон ҳамёнлар орқали тахминан 95 мингта транзакция амалга оширилгани, умумий криптоайланма эса 2 миллион 375 минг долларга тенг экани аниқланди. Шунингдек, гумонланувчилардан бирининг яшаш манзилидан 550 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 278-8-(крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш), 243-(жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ва 251-1-моддалари (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.





