Logo

Тошкентда уй-жой ижара нархлари: қайси туманлар энг қиммат?

Bugun 14:492 daqiqa

2026 йил май ойида Тошкент шаҳрида уй-жойларнинг ўртача ижара нархи 550 долларга етди. Шу билан бирга, ижара эълонлари сони кескин қисқариб, айрим туманларда нархлар ўртасидаги фарқ икки баравардан ошди.

Тошкентда уй-жой ижара нархлари: қайси туманлар энг қиммат? © Ijtimoiy tarmoqlar

Тошкент шаҳрида уй-жой ижараси бозорида нархлар ўсиши давом этмоқда. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил май ойида пойтахтдаги ўртача ижара ҳақи 550 долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоизга юқори.

Шу билан бирга, ижара бозоридаги таклиф ҳажми сезиларли даражада камайган. Май ойида ижарага оид 18,1 мингта эълон жойлаштирилган бўлиб, бу апрел ойидаги 22,8 мингта эълонга нисбатан қарийб 21 фоизга камдир.

Эълонларнинг асосий қисми Мирзо Улуғбек, Миробод ва Юнусобод туманлари ҳиссасига тўғри келган. Жумладан, Мирзо Улуғбек тумани умумий таклифнинг 16,9 фоизини, Миробод 12,9 фоизини, Юнусобод эса 12,6 фоизини ташкил этган. Ушбу уч туман жами ижара эълонларининг 42,4 фоизини қамраб олган.

Туманлар кесимида

Таҳлилларга кўра, пойтахтдаги ижара нархлари ҳудудга қараб кескин фарқ қилмоқда. Энг юқори нархлар Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида шаклланган.

Энг юқори ижара нархлари Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасаройда шаклланмоқда.
Тошкент ижара бозорида ҳудуд омили нархга сезиларли таъсир қилмоқда. Айниқса 3 хонали ва 4+ хонали хонадонларда қиммат ва арзон ҳудудлар ўртасидаги тафовут 2 баробардан юқори.

Хона сони бўйича энг қиммат ва нисбатан арзон ҳудудлар:

1 хонали: Мирободда 600 доллар, Олмазор, Сергели ва Учтепада 350 доллар;
2 хонали: Миробод ва Шайхонтоҳурда 700 доллар, Сергели ва Учтепада 400 доллар;
3 хонали: Миробод ва Шайхонтоҳурда 1000 доллар, Сергели ва Учтепада 450 доллар;
4+ хонали: Мирободда 1150 доллар, Яккасаройда 1100 доллар, нисбатан арзон ҳудудларда 500-550 доллар.

Талаб қайси уйларга юқори?

Пойтахтда икки хонали квартиралар энг талабгир сегмент бўлиб қолмоқда. Май ойидаги ижара эълонларининг қарийб 86 фоизи икки ва уч хонали хонадонларга тўғри келган. Шундан 59,6 фоизини айнан икки хонали уйлар ташкил этган.

Нархлар хона сонига қараб ҳам фарқ қилган. Бир хонали уйларнинг ўртача ижараси 400 доллар бўлиб, бу бир йил аввалгига нисбатан 14,3 фоизга юқори.

Икки хонали квартиралар ижараси 500 доллар даражасида сақланиб қолган ва йил давомида ўзгармаган.

Уч хонали уйларнинг ўртача ижараси 700 долларни ташкил этган бўлиб, бу сегментда ҳам йиллик ўзгариш кузатилмаган.

Тўрт ва ундан ортиқ хонали хонадонлар учун ўртача ижара ҳақи 800 долларга етган. Ушбу сегментда йиллик нарх ўсиши қарийб 20 фоизни ташкил қилган.

Таҳлил муаллифлари қайд этишича, мулкдорлар ижара нархини белгилашда асосан туманнинг жойлашуви ва хонадондаги хоналар сонига таянаётгани бозордаги асосий тенденция бўлиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, апрел ойида Тошкент шаҳри бўйича уй-жой ижарасининг ўртача нархи бир квадрат метр учун 9,2 долларни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,1 фоизга юқори ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid

Тошкентда уй-жой ижара нархлари: қайси туманлар энг қиммат? | Vaqt.uz