Тошкентнинг Шаҳрисабз кўчасида BRT линияси қурилиши бошланди
2026-йил 24-июл соат 01:00 дан 9-август соат 23:00 гача Шаҳрисабз кўчасининг Шаҳрисабз–Миробод–Шота Руставели айланма чорраҳасидан Амир Темур шоҳ кўчаси билан кесишмасигача бўлган қисмида йўлни BRT йўлаги талабларига мослаштириш бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Тошкент марказидаги Шаҳрисабз кўчасида автобуслар учун алоҳида ажратилган йўлак (Bus Rapid Transit) қуриш ишлари бошланади.
Пойтахт Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълум қилишича, қурилиш ишлари 24-июл соат 01:00 дан 9-август соат 23:00 гача Шаҳрисабз кўчасининг Шаҳрисабз—Миробод—Шота Руставели айланма чорраҳасидан Амир Темур шоҳ кўчаси билан кесишмасигача бўлган қисмида амалга оширилади. Янги линия аввал барпо этилаётган Шота Руставели кўчасидаги BRT йўлагининг мантиқий давоми ҳисобланади.
Қурилиш даврида транспорт ҳаракати тўлиқ тўхтатилмайди. Кўчанинг икки четки ҳаракат қисми автомобиллар учун очиқ қолади, ишлар эса марказий тўртта йўлакда олиб борилади.
Линия яна кенгаяди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги апрель ойида BRT тармоғини кенгайтириш концепциясини тақдим этган эди. Унга мувофиқ, Шаҳрисабз кўчасидан кейин алоҳида автобус йўлаги Амир Темур шоҳкўчаси бўйлаб ҳам ташкил этилади.
Шунингдек, Янги Сергели кўчасида ҳам BRT линияси қурилиши режалаштирилган. Бу кўча Шота Руставели кўчасининг давоми ҳисобланади ва янги маршрутлар орқали шаҳарнинг турли қисмларини ўзаро боғлаш кўзда тутилган.





